Тожикистон халқ артисти Давлатманд Холов Душанбедаги шифохонада вафот этди

Давлатманд Холов. asiaplustj.info сайти фотосурати

18 февралга ўтар кечаси, 74 ёшида узоқ давом этган касалликдан сўнг таниқли хонанда ва бастакор, Тожикистон халқ артисти Давлатманд Холов оламдан ўтди. Бу ҳақда «Ховар» давлат ахборот агентлиги хабар берди.

«Азия-плюс» нашрининг ёзишича, маданият арбоби саратон касаллигидан даволанаётган «Шифобахш» миллий тиббиёт марказида вафот этган. Маълумки, Тожикистон фуқароси бир муддат Москвада бўлган – у Россия пойтахтида шифокорлар кўригидан ўтган. Уйга қайтгач, Холов тўртинчи босқичда ўт пуфаги саратони ташхиси билан клиникага ётқизилган.

Артист билан видолашув маросими Душанбе марказий масжидида бўлиб ўтади, уста пойтахтнинг «Лучоб» қабристонига дафн этилади.

Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон бастакорнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдирди. У Холовнинг хонандалик санъати, айниқса, халқ қўшиқлари ва «фалак» жанри ривожига беқиёс ҳисса қўшганини таъкидлаб ўтди.

ℹ️ Давлатманд Холов 1950 йил 26 октабрда Хатлон вилоятида туғилган. 1971 йили Мирзо Турсунзода номидаги санъат институтига ўқишга кириб, уни аъло баҳоларга тамомлаган. Меҳнат фаолиятини Кўлоб шаҳридаги С. Вализода номидаги театрда бошлаган. 2004 йили Тожикистон Телевидение ва радио қўмитаси қошида «Фалак» давлат ансамбли ташкил этилганидан буён мазкур гуруҳда бадиий раҳбар бўлиб ишлаган.

Холов ЮНEСКОнинг Бутунжаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган анъанавий халқ мусиқаси «фалак» жанридаги энг машҳур ижрочилардан бири ҳисобланади. Тожикистон халқ артисти унвонидан ташқари Ўзбекистон халқ артисти унвонига ҳам эга. Рудакий номидаги Давлат мукофоти лауреати, 1-даражали «Шараф» ордени, Франциянинг хонандалик ва мусиқа соҳасидаги олий унвони «Дўстлик» ордени билан тақдирланган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Россия ҳукумати мигрантларни назорат қилишда полиция ролини оширишга қарор қилди

  • РФ Тергов қўмитаси Россияда қандай қилиб мигрантлар сонини қисқартираётгани ҳақида

  • Экспертлар Марказий Осиё жамоаларининг футбол бўйича Жаҳон чемпионати саралаш босқичидаги ўйинлари ҳақида

  • «Крокус Сити Холл» да содир бўлган терактдан сўнг Россияда Марказий Осиёдан келган мигрантларга нисбатан босим кучайди