Россия Ички ишлар вазирлиги тожикистонлик журналист Анора Саркоровани қидирувга берди

Анора Саркорова. bomdodrus.com сайти фотосурати

Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлиги тожикистонлик журналист, ВВС рус хизматининг собиқ ходими Анора Саркорова, шунингдек, унинг турмуш ўртоғи, журналист ва «Имруз» радиоси муҳаррири Рустам Жони (Жониев) қидирувга берилган. Бу ҳақда журналист ўзининг Telegram-каналида қидирув маълумотлар базасидаги исмлари билан скриншотларни илова қилган ҳолда маълум қилди.

«Тожикистондаги кўплаб фуқаролик фаоллари, сиёсатчилар, журналистлар, блогерлар, ҳуқуқ ҳимоячилари, адвокатлар учун уларнинг исмларининг РФ Ички ишлар вазирлиги қидирув базасида пайдо бўлиши кутилмаган ҳол бўлди. Ҳайрон бўлманг», — деб ёзади Саркорова.

Журналистнинг қайд этишича, бу шахсларнинг барчаси расмий Душанбе талабига биноан Россия ИИВ қидирув базасига киритилган. У Эмомали Раҳмон сиёсатининг мухолифларини ШҲТ, КХШТ ва МДҲ аъзолари бўлган давлатларга, жумладан, транзит орқали саёҳат қилишдан тийилишга чақиради.

ℹ️ Тожикистонда инсон ҳуқуқлари поймол этилаётганини оммага ошкор қилган Анора Саркорова ва Рустам Жони бир неча йил аввал ҳукумат босими туфайли мамлакатни тарк этган, бироқ Тоғли Бадахшон автоном вилояти (ТБАВ) янгиликларини, жумладан мазкур ўлкада 2018 йилдан бери олиб борилаётган ҳукуматнинг махсус операцияларини фаол ёритишда давом этган. Аксилтеррор операцияси 2022 йили якунига етган, натижада, Human Rights Watch халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти маълумотларига кўра, 40 дан ортиқ маҳаллий аҳоли ҳалок бўлган, ўнлаб одамлар ҳибсга олинган.

2022 йили Саркорова Тожикистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари унинг онаси ва укасини ҳибсга олгани ҳақида хабар берган эди. Қариндошлар кейинроқ қўйиб юборилган. 2024 йил бошида Саркорова ўзи ва турмуш ўртоғига нисбатан Тожикистон Жиноят кодексининг 307-моддаси 1-қисми («Экстремистик фаолиятга оммавий даъватлар ва экстремизмни очиқ оқлаш») бўйича жиноий иш қўзғатилганини ёзган. Шу билан бирга, Саркорова таъкидлашича, терговчи онасига журналист «ватанига қайтиб, кечирим сўраса» амнистия қилинишини айтган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Россия ҳукумати мигрантларни назорат қилишда полиция ролини оширишга қарор қилди

  • РФ Тергов қўмитаси Россияда қандай қилиб мигрантлар сонини қисқартираётгани ҳақида

  • Экспертлар Марказий Осиё жамоаларининг футбол бўйича Жаҳон чемпионати саралаш босқичидаги ўйинлари ҳақида

  • «Крокус Сити Холл» да содир бўлган терактдан сўнг Россияда Марказий Осиёдан келган мигрантларга нисбатан босим кучайди