2023 йили Тожикистонда юз берган табиий офатлар 51 кишининг ҳаётига зомин бўлган

sputnik.ru сайти фотосурати

Тожикистонда 2023 йили табиий офатлар 51 кишининг ҳаётига зомин бўлган ва 76,77 миллион сомоний (7 миллион доллардан ортиқ) зарар етказган. Бу ҳақда Тожикистон ҳукумати ҳузуридаги Фавқулодда вазиятлар ва фуқаро мудофааси қўмитаси раиси Рустам Назарзода маълум қилди, деб хабар беради «Азия-Плюс».

Назарзоданинг сўзларига кўра, ўтган йили Тожикистонда жами 550 дан ортиқ табиий фавқулодда вазиятлар қайд этилган, бу 2022 йилга нисбатан 140 та ҳодисага кам, бироқ ҳалок бўлганлар сони эса 43 кишига ошган.

Рўйхатга олинган табиий офатлар орасида: 335 та қор кўчкиси, 79 та сел, 47 та зилзила, 26 та тош кўчиши, 22 та кўчки, 17 та сув сатҳининг кўтарилиши, 10 та кучли шамол, 12 та кучли ёмғир, 3 та момақалдироқ ва чақмоқ, шунингдек, иккита қаттиқ совуқ ҳолатлари», — дея санаб ўтган қўмита раҳбари.

Рустам Назарзоданинг сўзларига кўра, ўтган йили Президент жамғармаси ва мамлакат ҳукумати томонидан табиий офатлардан жабр кўрганларга кўрсатилган ёрдамнинг умумий миқдори қарийб 13,2 миллион сомонийни (1,3 миллион доллар) ташкил этган.

Назарзода алоҳида таъкидлаганидек, Тожикистонда фуқароларнинг кўчирилиши ва қирғоқ бўйларини мустаҳкамлаш ишлари олиб борилиши туфайли яшаш учун энг хавфли ҳудудлар сони 261 тага камайган. Шу билан бирга, у мамлакатда яшаш учун 1209 та хавфли зоналар мавжудлигини, улардан 515 таси энг хавфли бўлиб, уларда деярли 159 минг киши истиқомат қилаётганини таъкидлаган.

«Тожикистон ҳукумати хавфли ҳудудларда яшовчи аҳолига таҳдидни камайтиришга қаратилган саъй-ҳаракатларини давом эттирмоқда», — дея хулоса қилади Назарзода.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Россия ҳукумати мигрантларни назорат қилишда полиция ролини оширишга қарор қилди

  • РФ Тергов қўмитаси Россияда қандай қилиб мигрантлар сонини қисқартираётгани ҳақида

  • Экспертлар Марказий Осиё жамоаларининг футбол бўйича Жаҳон чемпионати саралаш босқичидаги ўйинлари ҳақида

  • «Крокус Сити Холл» да содир бўлган терактдан сўнг Россияда Марказий Осиёдан келган мигрантларга нисбатан босим кучайди