Эрон Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон фуқаролари учун виза режимини бекор қилди

Эззатолла Заргами. IRNA фотосурати

Эрон ҳукумати 33 давлат, жумладан Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон фуқаролари учун виза режимини бекор қилишга қарор қилди. Бу ҳақда Tehran Times хабар берди.

«Туризм вазирлигининг айрим давлатлар учун визани бекор қилиш ҳақидаги таклифи ҳукумат томонидан маъқулланди. Визаларни бир томонлама бекор қилиш бугун ҳукумат йиғилишида маъқулланди. <…> Ислом Республикаси бутун дунёдан келган одамларга ўз эшикларини очишга, уларнинг мамлакатимизга бемалол ташриф буюриши ва унинг қадриятларини баҳолаши учун кўпроқ имкониятлар яратишга тайёрлигини намойиш этди», — деди журналистларга Эрон Туризм вазири Эззатолла Заргами.

Вазир виза режимининг бекор қилиниши Эронда туризм ривожланишининг янги даврини бошлаб беради ва Эронга қарши ташвиқотга чек қўяди. «Ушбу қарор Эронга қарши салбий реклама, миш-мишлар ва қўрқувнинг олдини олишга ёрдам беради», — деди Заргами.

Юқорида тилга олинган Марказий Осиёнинг учта давлатидан ташқари, Ҳиндистон, Бирлашган Араб Амирликлари, Баҳрайн, Саудия Арабистони, Қатар, Қувайт, Индонезия, Бруней, Япония, Сингапур, Камбоджа, Малайзия, Вьетнам, Бразилия, Перу, Куба, Мексика, Боливия, Венесуэла, Босния ва Герцеговина, Сербия, Хорватия, Беларусь, Ливан, Тунис, Мавритания, Танзания, Зимбабве, Маврикий ва Сейшел ороллари фуқаролари ҳам визасиз режимдан фойдаланишлари мумкин.

Бундан ташқари, Эрон ҳукумати Россия сайёҳлик гуруҳлари учун виза режимини бекор қилишга қарор қилган.

ℹ️ Эрон Туризм вазирлиги маълумотларига кўра, 21 мартдан бошланган йилнинг биринчи саккиз ойида мамлакатга келган хорижий сайёҳлар сони 48,5 фоизга ошиб, 4,4 миллион кишига етган. Йил охиригача (19.03.2024) уларнинг сони 6 миллионга етиши тахмин қилинмоқда.

Вазирлик ИҲТ (Иқтисодий Ҳамкорлик Ташкилоти) га аъзо мамлакатлардан сайёҳлик оқимининг 55 фоизга ошганини қайд этган. Маълумки унга 10 та давлат, жумладан, барча Марказий Осиё мамлакатлари киради. Дастлабки олти ойда мазкур давлатларнинг 1,1 миллион фуқароси Эронга ташриф буюрган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Россия ҳукумати мигрантларни назорат қилишда полиция ролини оширишга қарор қилди

  • РФ Тергов қўмитаси Россияда қандай қилиб мигрантлар сонини қисқартираётгани ҳақида

  • Экспертлар Марказий Осиё жамоаларининг футбол бўйича Жаҳон чемпионати саралаш босқичидаги ўйинлари ҳақида

  • «Крокус Сити Холл» да содир бўлган терактдан сўнг Россияда Марказий Осиёдан келган мигрантларга нисбатан босим кучайди