Тожикистондаги Роғун ГЭСи қурилиши лойиҳаси 1 миллиард долларга қимматлашди

РОҒУН ГЭСИ ҚУРИЛИШИ. ТОЖИКИСТОН ПРЕЗИДЕНТИ МАТБУОТ ХИЗМАТИ ФОТОСУРАТИ

Роғун ГЭСи қурилиши 6 миллиард долларга тушади.Бу ҳақда Тожикистон ҳукумати ва Саудия тараққиёт жамғармаси ўртасида мазкур лойиҳани молиялаштириш бўйича кредит битими матнида шу ҳақда сўз юритилади, деб хабар беради «Азия-плюс» нашри.

2008 йили қурилиш қиймати 3 миллиард долларга баҳоланган бўлса, 2016 йили бу миқдор 3,9 миллиард долларни ташкил этди, 2022 йили эса ушбу кўрсаткич 5 миллиард долларга оширилганди.

Саудия тараққиёт жамғармаси билан келишув 4 декабрь куни имзоланди. Жамғарма Тожикистонга Роғун ГЭСи қурилишини якунлаш учун 375 миллион саудлар риали (100 миллион доллар) миқдорида кредит ажратади. Кредит имтиёзли фоиз ставкасида (йилига 1,5 фоиз) берилади, тўлаш муддати 8 йиллик имтиёзли давр билан 30 йилни ташкил этади. ГЭС қурилишини 2031 йил охирига қадар якунлаш режалаштирилган.

Ҳозиргача ушбу лойиҳа фақат давлат маблағлари ҳисобидан молиялаштирилиб келинмоқда. Август ойида Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон ГЭС қурувчилари билан бўлиб ўтган учрашувда жорий йил бошидан буён Роғун ГЭСи қурилишини якунлаш учун 3 миллиард сомоний (237,9 миллион доллар) дан ортиқ маблағ ажратилганини маълум қилган эди. Шу билан бирга, 2,6 миллиард сомоний (237,3 миллион доллар) давлат бюджетидан, 427 миллион сомоний (600 минг доллар) эса ушбу станциянинг икки агрегати ишлаб чиқарган электр энергиясини сотишдан тушган.

Раҳмоннинг таъкидлашича, реставрация ва қурилиш ишлари бошлангандан буён (2008 йилдан буён) Роғун ГЭСи қурилиши учун давлат бюджетидан 35 миллиард сомонийдан (бугунги расмий курс бўйича 3,19 миллиард доллар) ортиқ маблағ ажратилган.

ℹ️ Роғун ГЭСи Тожикистондаги энг йирик энергия лойиҳасидир. Лойиҳа қуввати 3600 МВт бўлиб, ГЭСнинг олти блоки йилига 13,1 миллиард киловатт*соатдан ортиқ электр энергияси ишлаб чиқаради.