Германия Помирда ГЭС қурилиши учун 10 миллион евро ажратади

Завқи Завқизода ва Вероника Гарсиа дель Арко. Тожикистон Иқтисодий ривожланиш ва савдо вазирлиги матбуот хизмати фотосурати

Германия ҳукумати Тоғли Бадахшон автоном вилоятининг Роштқалъа туманидаги Шохдара дарёсида «Себзор» ГЭСи қурилиши учун 10 миллион евро миқдорида қўшимча грант ажратади, деб хабар беради Тожикистон Иқтисодий ривожланиш ва савдо вазирлиги матбуот хизмати.

Қўшимча молиялаштириш тўғрисидаги битим 12 декабрь куни Душанбеда Тожикистон Иқтисодий ривожланиш ва савдо вазири Завқи Завқизода, Германия тараққиёт банкининг (KfW) Шарқий Европа, Кавказ ва Марказий Осиё минтақаси бўйича директори Вероника Гарсия дель Арко, KfWнинг Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Андреас Шнайдер ва «Памир Энерджи» компанияси бош директори Амрихон Раимовлар томонидан имзоланган.

Вазирликнинг қайд этишича, ҳозиргача «Себзор» ГЭСи қурилишига 84 миллион долларлик грант маблағлари жалб қилинган. Ушбу беғараз ёрдам Европа Иттифоқи, Германия ҳукумати, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID), Швейцария Иқтисодий ҳамкорлик котибияти (SЕСО) ва Жаҳон банки томонидан тақдим этилган.

ℹ️ Себзор ГЭСи қурилиши 2015 йили бошланган. Унинг қуввати 11 МВтни ташкил қилади. ГЭС Тоғли Бадахшондаги 227 мингдан ортиқ ва қўшни Афғонистон билан чегарадош ҳудудлардаги 468 минг кишини «яшил» энергия билан таъминлайди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Россия ҳукумати мигрантларни назорат қилишда полиция ролини оширишга қарор қилди

  • РФ Тергов қўмитаси Россияда қандай қилиб мигрантлар сонини қисқартираётгани ҳақида

  • Экспертлар Марказий Осиё жамоаларининг футбол бўйича Жаҳон чемпионати саралаш босқичидаги ўйинлари ҳақида

  • «Крокус Сити Холл» да содир бўлган терактдан сўнг Россияда Марказий Осиёдан келган мигрантларга нисбатан босим кучайди