Афғонистоннинг Душанбедаги элчиси толиблар томонидан лавозимидан четлатилгани ҳақидаги маълумотни рад этди

Муҳаммад Зоҳир Агбар. "Азия-плюс" сайти фотосурати

2021 йил август ойида «Толибон»* радикал ҳаракати томонидан ағдарилган ҳукумат томонидан тайинланган Афғонистоннинг Тожикистондаги элчиси Муҳаммад Зоҳир Агбар Душанбедаги Афғонистон дипломатик миссияси раҳбари лавозимига толиблар ўз одамини тайинлагани ҳақидаги маълумотни рад этди. Бу ҳақда элчи Тожикистон пойтахтида бўлиб ўтган матбуот анжуманида баёнот берди, деб хабар беради «Озоди» (РФда хорижий агент сифатида тан олинган Озодлик радиосининг тожик хизмати).

Агбарнинг сўзларига кўра, айрим оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда толибларнинг Душанбедаги дипломатик миссия раҳбари лавозимига ўз вакили тайинлангани ҳақидаги мактуби пайдо бўлган. Мазкур мактубда «Толибон» томонидан тузилган ҳукумат Ташқи ишлар вазири Амирхон Муттақийнинг Афғонистоннинг Тожикистондаги элчихонасининг биринчи котиби этиб радикал ҳаракат вакилини тайинлаш ҳақидаги буйруғи тилга олинади.

«Ҳуқуқий тузилма мавжуд бўлмагунча, бу гуруҳ [Толибон] биз учун ҳеч қандай қонунийликка эга эмас», — дейди Агбар.

Дипломат сўзларига кўра, толиблар ҳокимиятда бўлган икки йил давомида ҳеч қачон элчихона билан боғланишмаган. Шу билан бирга, жорий йилнинг март ойида «Толибон» ўз вакиллари Тоғли Бадахшон автоном вилояти маъмурий маркази Хоруғдаги Афғонистон консуллигига ташриф буюрганини маълум қилган эди.

Жорий йилнинг февраль ойида Афғонистоннинг Хоруғдаги бош консуллиги биноси қор кўчкиси туфайли вайрон бўлган эди. Ўшанда Тожикистон расмийлари «Толибон» вакилларининг Хоруғга келгани ҳақидаги маълумотни тасдиқламаган, бироқ уни инкор ҳам этмаган.

Агбарнинг айтишича, Афғонистоннинг Хоруғдаги консуллиги ўз фаолиятини давом эттириш учун «иқтисодий имкониятлар йўқлиги сабаб» ёпилган ва унинг ходимлари айни пайтда Душанбеда ишламоқда. «Хоруғдаги консуллик вакилининг «Толибон» билан ҳеч қандай алоқаси йўқ», деб тушунтиради Агбар.

Афғонистон Ислом Республикаси ҳукумати ағдарилгач, бир қатор давлатлар ўз пойтахтларидаги дипломатик ваколатхоналарини «Толибон»га ўтказган. Бироқ, Тожикистон ҳукумати радикал ҳаракат кучини тан олмаган ва сўнгги икки йил ичида унинг дипломатик вакилларини расман қабул қилмаган, Ислом Республикасининг Душанбедаги элчихонаси эса толиблар ағдарган ҳукумат тайинланган одамлар томонидан бошқарилади. Айни пайтда икки қўшни давлат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик давом этмоқда. Жумладан, Тожикистон Афғонистонга электр энергияси етказиб беришда давом этмоқда.

Журналистлар Афғонистон дипломатик миссияси раҳбаридан агар элчи «Толибон» ҳукуматидан маблағ олмаётган бўлса, у ҳолда элчихона харажатлари қандай қопланаётганини сўрашди. Агбар бу саволга аниқ жавоб бермаган.

ℹ️ «Толибон» ҳаракати 2021 йил 15 августда Кобулни эгаллаб олди ва уч ҳафтадан сўнг янги ҳукумат тайинланганини эълон қилди. Аммо орадан икки йилдан кўпроқ вақт ўтса ҳам, дунёнинг ҳеч бир давлати бу ҳаракатни Афғонистоннинг қонуний ҳукумати сифатида расман тан олгани йўқ. Толиблар раҳбариятининг илтимосига қарамай, БМТ Афғонистоннинг ушбу халқаро ташкилотдаги ўрнини толиблар вакилларига бермаган ва у собиқ АИР ҳукумати томонидан тайинланган дипломатларда қолган.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилоти сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).