Қозоғистонда 311 минг нафар Сталин репрессиялари қурбонлари реабилитация қилинди

Олмаотада сиёсий қатағон ва очарчилик қурбонларига ўрнатилган ёдгорлик. total.kz сайти фотосурати

Қозоғистонда сиёсий қатағон қурбонларини тўлиқ реабилитация қилиш бўйича давлат комиссияси 1929 йилдан 1956 йилгача сургун қилинган, махсус кўчирилган ва жиноий жавобгарликка тортилган 311 минг кишига нисбатан чиқарилган ҳукм адолатсиз деб топилди. Бу ҳақда Марказий Осиё Республикаси Бош прокуратураси хабар берди.

Умуман олганда, экспертлар Сталин қатағонлари қурбонларининг 2,4 миллиондан ортиқ архив карточкаларини ошкор қилди. Ўша йилларда Қозоғистонда истиқомат қилган 300 мингдан ортиқ маҳкум реабилитация қилинди. Бундан ташқари, махсус кўчирилганларнинг 251 минг иши комиссия томонидан мамлакат президенти архивига топширилди, у ерда мутахассислар маълумотларни ўрганади. Жорий йил охиригача яна 265 минг иш давлат раҳбари архивига юборилади.

ℹ️ 2020 йил 24 ноябрь куни Республика Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев сиёсий қатағон қурбонларини тўлиқ реабилитация қилиш бўйича Давлат комиссиясини тузиш тўғрисидаги фармонни имзолаганди. Жорий йил бошида Давлат маслаҳатчиси Эрлан Карин мамлакат раҳбарига ана шундай ҳолатлар бўйича 31 жилдлик ҳужжат ва материалларни тақдим этди.

Қўшимча қилиш лозим, Қозоғистон қонунчилигига мувофиқ, асоссиз репрессияга учраган ва кейинчалик реабилитация қилинган шахсларга пул компенсацияси тўланади. 2021 йили расмийлар 2003 йилдан 2020 йилгача Совет ҳокимияти ўзбошимчалигига учраган қурбонларга жами 15 миллиард тенге (тахминан 35 миллион доллар) тўлаганликларини маълум қилишди.

Ҳар йили 31 май куни Қозоғистонда 1930 йилларда бир ярим миллионга яқин одамнинг ҳаётига зомин бўлган сиёсий қатағон ва очарчиликни хотирлаш куни нишонланади.

1921 йилдан 1954 йилгача Қозоғистонда «халқ душманлари» ни аниқлаш сиёсати натижасида 100 минг фуқаро судланган, улардан 25 минг нафари қатл этилган. Гулаг тузилмасининг энг йирик лагерлари — АЛЖИР, Степлаг, Карлаг республика ҳудудида жойлашган. Қатағон йилларида у ерга беш миллиондан ортиқ одам сургун қилинган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ