Қирғизистон парламенти спикери Конституциявий суднинг бутун таркибини истеъфога чиқаришни талаб қилди.

Нурланбек Шакиев. akipress.org сайти фотосурати

Жогорку Кенеш тўрагаси (Қирғизистон парламенти спикери) Нурланбек Шакиев 6 сентябрь куни бўлиб ўтган йиғилишда қирғизистонликларга ота исми ўрнига она исмини олишига рухсат бергани учун Конституциявий суднинг барча судяларини ишдан бўшатишни талаб қилди.

«[Она исмини бериш] қарори жамиятда катта резонансга сабаб бўлди. Бу қирғиз халқи ва миллатига берилган кучли зарба бўлди. Бундай қарор мамлакатимизда бўлмаслиги керак эди. Шу боис судялар ва Конституциявий суд раҳбари зудлик билан истеъфога чиқиши керак, деб ҳисоблайман. Бу шармандалик. Келажакни хавф остига қўядиган бу воқеа содир бўлмаслиги керак эди. Бу [биз учун] бегона нарса. Мен Конституциявий суднинг бутун таркиби истеъфога чиқишини талаб қиламан!» — дея Шакиев сўзларидан иқтибос келтиради Kloop.kg.

Спикер сўзлари депутатларнинг олқишига сабаб бўлди.

Парламент мажлисида, жумладан «Конституциявий суд тўғрисида»ги қонунга ўзгартишлар киритиш тўғрисида қонун лойиҳаси кўриб чиқилди. Ҳужжат Конституциявий судга ўз қарорларини қайта кўриб чиқиш ваколатини беришни назарда тутади. Муҳокама чоғида депутат Гуля Қўжўқулова мамлакат Конституциясига кўра, Конституциявий суд қарори якуний ҳисобланиши ва у шикоят қилинмаслигини эслатди. У давлатнинг асосий қонунига бу борада ўзгартиришлар киритиладими, деб сўради. Унинг саволига кимдир жавоб бердими ёки йўқми, хабар берилмаган. Депутат Медербек Алиев ушбу қонун лойиҳаси бўйича Конституциявий суднинг хулосаси бор-йўқлигини сўради ва унга ижобий жавоб олди. Қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.

Аввалроқ Нурланбек Шакиев конституциявий суднинг она исми берилиши масаласи бўйича қарорини тузатиш бўйича қонунга ўзгартиришлар киритилаётганини тушунтирганди.

ℹ️ Шу йилнинг ёзида Конституциявий суд фаол Алтин Капалованинг фарзандларга она исми берилиши бўйича мурожаатини кўриб чиқди. 2021 йили Капалова учта фарзандининг ота исмини она исмига ўзгартирган, шундан сўнг Давлат рўйхатга олиш хизмати уни судга берган. Август ойида Бишкек суди мансабдор шахсларнинг даъвосини қаноатлантириб, отасининг исмини ўзгартириш тўғрисидаги акт ёзувларини бекор қилган. Кейинчалик бу қарор барча инстанциялар, жумладан Конституциявий суд томонидан ҳам қўллаб-қувватланган.

Ўтган июль ойида Конституциявий суд фуқароларнинг отаси ёки онаси исмини танлаш ҳуқуқини тан олди. У мамлакат ҳукуматига вояга етган шахсларга ҳужжатларда отасининг исми ўрнига онасининг исмини кўрсатиш ҳуқуқини берувчи қонунчиликка ўзгартиришлар ишлаб чиқишни буюрди.

Бу қарор жамиятда қизғин муҳокамага ва Конституциявий суднинг танқид остида қолишига сабаб бўлди. Жумладан, Қирғизистон муфтийси Замир Ракиев ва Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) раҳбари Қамчибек Ташиев фарзандларга она исми берилишининг жорий этилишига қарши чиқишди. Муфтий «бундай ҳаракатлар миллатнинг илдизини йўқ қилиши мумкин», деб таъкидлаган ва Ташиев бу қарорни Конституциявий суд томонидан бекор қилинишини талаб қилган. Бир неча кундан сўнг Қирғизистон президенти маъмурияти Конституциявий суд қарорларини қайта кўриб чиқишга рухсат берувчи қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ташаббуси билан чиқди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Россия ҳукумати мигрантларни назорат қилишда полиция ролини оширишга қарор қилди

  • РФ Тергов қўмитаси Россияда қандай қилиб мигрантлар сонини қисқартираётгани ҳақида

  • Экспертлар Марказий Осиё жамоаларининг футбол бўйича Жаҳон чемпионати саралаш босқичидаги ўйинлари ҳақида

  • Қирғизистон президенти келтирган далиллар ва халқаро ташкилотларнинг «хорижий агентлар тўғрисида»ги қонун имзоланишига муносабати