Иркутск суди вагончага ўт қўйиб, икки тожикистонликни ўлдиришда айбланган шахсларни оқлади

Ёнаётган вагонча. ТАСС фотосурати

1 август куни Иркутск суди 2021 йили Тожикистоннинг икки фуқароси ҳалок бўлган вагонча ётоқхонасини ёндириб юборишда айбланган тўрт нафар россиялик фуқарони айбсиз деб топди. «Озоди» (РФда хорижий агент сифатида тан олинган Озодлик радиосининг тожик хизмати) хабарига кўра, оқланган россияликлар суд залида озод этилган.

Мазкур иш бўйича айбланувчилар полиция ходими ва Залари қишлоғининг уч нафар фуқароси бўлган. Воқеа 2021 йил ноябрь куни содир бўлган. Вагонча ётоқхонасида юз берган ёнғин натижасида икки нафар Тожикистон фуқароси ҳалок бўлган, яна беш нафари куйиш ва тан жароҳатлари билан шифохонага етказилган. Ёнғин бошланишидан аввал маҳаллий аҳоли ва қишлоқдаги қурилиш майдончаларидан бирида ишлаган тожикистонликлар ўртасида муштлашув келиб чиққан.

Воқеа юзасидан Россия Федерацияси Тергов қўмитасининг вилоят бошқармаси томонидан РФ Жиноят кодексининг 105-модда 2-қисми («Олдиндан тил бириктирган ҳолда бир гуруҳ шахслар томонидан хавфли йўл билан икки ёки ундан ортиқ шахсни ўлдириш»), 30-модда 3-қисми («Икки ёки ундан ортиқ одамни ўлдиришга уриниш») билан жиноий иш қўзғатилган.

Қишлоқ аҳолиси орасидан ҳодисага алоқадор бўлган бир неча киши, шунингдек тўрт нафар тожикистонлик қўлга олинган, улардан бирининг ёнғин пайтида танасини 50 фоизи куйиб кетган. «Озоди» манбасига кўра, маҳаллий аҳоли орасидан ҳибсга олинган бир шахсдан ташқари одамлар уч кун ўтиб гаров эвазига қўйиб юборилган. Тожикистонликлар ҳамон қамоқда, улар безорилик ва қотилликка уринишда айбланишмоқда. Полиция ходими Тожикистоннинг Россиядаги элчихонаси вакиллари Иркутскга келганидан сўнг қўлга олинган, у одамларни ўт қўйишга ундаган ва бу жараёнда иштирок этганликда гумон қилинган.

1 август куни бўлиб ўтган йиғилишда судя ишда иштирок этган тўрт нафар россияликнинг ҳаммасини айбсиз деб эълон қилган. Айни пайтда, гувоҳнинг «Озоди»га айтишича, улар судда ўз айбларига иқрор бўлишган. «Улар жабрланувчилардан узр сўрашган ва жаҳл устида вагончага ўт қўйишганини айтишган, бироқ суд уларни озодликка қўйиб юборди», — дейди манба.

Жабрланувчилардан бири судядан агар айбланувчилар айбсиз бўлса, у ҳолда ким вагончага ўт қўйиб, унинг бошини ёрганини сўраган, аммо судя унинг саволига жавоб бермаган, дея қўшимча қилади «Озоди».

ℹ️ Эслатиб ўтамиз, Заларидаги воқеа кенг резонансга сабаб бўлган, Тожикистон ва Россия Ташқи ишлар вазирликлари уни алоҳида назоратга олган эди. Тожикистон ТИВ раҳбари Сирожиддин Муҳриддин россиялик ҳамкасби Сергей Лавровни воқеа юзасидан чуқур тергов ўтказилишини ва айбдорларни жазоланишини таъминлашга чақирган. Бундан ташқари, Тожикистон Омбудсмани Умед Бобозода Россиянинг Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссарига мурожаат қилиб, ҳибсга олинганлар ҳуқуқларини ҳурмат қилиш зарурлигини таъкидлаган. Бу иш бўйича қамоқдаги тожикистонликларнинг оналари Тожикистон ва Россия президентларига мактуб ёзиб, ўғилларининг айбсизлигини таъкидлашган.