Бош прокуратура «Янги Тожикистон 2» телеканалини экстремистик ташкилот деб топди ва фаолиятини тақиқлади

prokuratura.tj сайти фотосурати

Тожикистон Бош прокуратураси «Янги Тожикистон 2» веб-ресурси фаолиятини «экстремистик ва провокацион ташкилот» деб тан олиб, мамлакатда фаолиятини тақиқлади. Бу ҳақда назорат органи матбуот хизмати хабар берди.

Бош прокуратуранинг «республика конституциявий тузуми, хавфсизлиги ва суверенитети асосларини ҳимоя қилиш манфаатларини кўзлаб» қилган эълони Тожикистон Олий судининг 2023 йил 21 июндаги қарорига асосланади.

«Мамлакат ҳудудида ушбу ташкилот ва аъзолари Suhrob Zafar, Умар Боев, Абдулло Ҳикматов, Парвиз Раҳимзода, Parviz Ashurov, Кундузхон Мамадалиева, Ховар Муродов, Қурбонали Орипов, Сергей Буличев, Немат Бегов, Grup-24, Қурбонали Х. Қурбонали, Фируз Мўмин, Эмир Баҳаддин, Изатулло Додобоев, Салмон Султонзода, Хикматулло Баҳодиров, Mansur Naimov, Ходжа Абузар, Алихон Аюбхоновичнинг барча сайтлари ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари ёпилган», – дейилади Бош прокуратура хабарида.

Бош прокуратура фуқароларни «мазкур экстремистик ташкилот, унинг етакчилари ва аъзолари билан ҳар қандай шаклда ҳамкорлик қилиш қонунга зид бўлиб, уларга кўмаклашиш ва уларнинг манфаатларини кўзлаб аниқ ҳаракатларни амалга ошириш жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши» ҳақида огоҳлантирган.

ℹ️ «Янги Тожикистон 2» канали республикада тақиқланган «Гуруҳ 24» мухолифат ташкилоти томонидан ташкил этилган. Дастлаб Zello иловасида 2014 йил 14 июнь куни «Гуруҳ 24» раҳбари Умарали Қувватов ташаббуси билан тожик тилидаги «Янги Тожикистон» канали очилган. Телеканал ижодкорлари буни Тожикистон аҳолисига мамлакатда кечаётган жараёнлар, президент Эмомали Раҳмон ва унинг атрофидагиларга хос фактлар ҳақида холис маълумот етказиш вазифаси деб атаган. 2014 йил 22 июлида каналга хакерлик ҳужуми уюштирилган ва блокировка қилинган, бироқ ўша куни «Янги Тожикистон 2» веб-ресурси пайдо бўлиб, «Раҳмонга қарши тарғибот»ни давом эттирган.

2014 йил октабрь ойида «Гуруҳ 24» фаолияти Тожикистон Олий судининг қарори билан экстремистик деб топилиб, республика ҳудудида тақиқланган эди. Қувватов Тожикистонни тарк этган ва 2014 йил декабридан Туркияда яшаган ва 2015 йилнинг 5 мартида у ерда отиб ўлдирилган.

ℹ️ Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 19 июлида Тожикистон ҳукумати Тоғли Бадахшон автоном вилоятидаги ҳаёт, шунингдек республикадан ташқаридаги помирликлар диаспораси билан боғлиқ янгиликларга ихтисослашган Pamir Daily News интернет-нашри фаолиятини тақиқлаб қўйган эди.