Тожикистондан экспорт қилинаётган товарлар ҳажми учдан бирига қисқарган

kun.uz сайти фотосурати

Жорий йилнинг январь-май ойларида Тожикистон 560 миллион долларлик маҳсулот ва хомашё экспорт қилган, бу эса 2022 йилнинг шу даврига нисбатан 34 фоизга камдир. Бу ҳақда мамлакат Статистика агентлигига таяниб, «Азия-плюс» нашри хабар беради.

Экспортнинг қисқаришига, биринчи навбатда, қимматбаҳо ва ярим қимматбаҳо металлар ва тошлар (97 фоизга), пахта толаси (55 фоизга), тўқимачилик материаллари ва буюмлари (44 фоизга) етказиб беришнинг қисқариши сабаб бўлган. Мева-сабзавот, минерал маҳсулотлар (цемент, руда ва концентратлар, электр энергияси, кўмир) экспорти ҳам камайган.

Тожикистондан маҳсулотлар асосан Қозоғистон (умумий маҳсулотнинг 23,6 фоизи), Хитой (22 фоиз), Туркия (13,1 фоиз) ва Россияга (12,9 фоиз) етказиб берилган.

Январь-май ойларида ташқи савдо айланмаси 2,8 миллиард доллардан ортиқни ташкил этган, бу 2022- илнинг шу даврига нисбатан 3,9 фоизга кўпдир.

Ўсиш импорт ҳисобига бўлиб, у 21 фоизга ошган ва 2,3 миллиард долларни ташкил этган (ўтган йилги 1,9 миллиард долларга нисбатан).

Импортнинг асосини минерал маҳсулотлар (нефть маҳсулотлари, суюлтирилган газ, кўмир ва бошқалар) – 17%, машина ва ускуналар – 14%, металлар ва улардан тайёрланган буюмлар – 10% ташкил этган.

Тожикистонга товарларнинг асосий етказиб берувчилари Россия (27,8 фоиз), Хитой (20,4 фоиз), Қозоғистон (15,1 фоиз) ҳисобланади.