Кишинёв аэропортида икки кишини отиб ташлаган тожикистонлик одам олган жароҳатларидан вафот этди

Чап ва юқори суратда - Рустам Ашуров, пастки суратда - Игорь Чофу ва Сергей Мунтяну. bomdodrus.com сайтидан коллаж

Кишинёв аэропортида икки кишини отиб ташлаган Тожикистон фуқароси Рустам Ашуров вафот этди. Бу ҳақда 3 июль куни кечқурун Молдова Ички ишлар вазирлигининг Бош полиция инспекциясида маълум қилинди.

Аввалроқ, Бош инспекция раҳбари Виорел Чернэуцяну брифингда 43 ёшли Ашуров талончиликда айбланиб судланганидан олдин Тожикистон Ички ишлар вазирлигида етти йил хизмат қилганини айтди. У жазони ўтаб бўлгач, муддатидан олдин озодликка чиққан.

«Бу оддий жиноятчи. У ҳеч қандай террорчилик гуруҳига аъзо бўлмаган, лекин илгари талончилик учун судланган. У аъзо бўлган жиноий гуруҳда бу инсон ижрочи бўлган. Илгари биз ўз ватанида судланган», — деди Чернэуцяну.

Унинг қўшимча қилишича, Ашуров Молдовага келганида дастлаб шубҳа уйғотмаган, чунки у ҳеч қандай халқаро маълумотлар базасида қайд этилмаган ва дастлаб ўзини тинч тутган.

Чернэуцянунинг айтишича, 3 июль куни Тожикистон Ички ишлар вазирлигининг уч ходими Молдова тергов гуруҳига ёрдам бериш учун Кишинёвга келган. Унга кўра, Ашуров давлат чегарасини четлаб ўтиб, Ўзбекистонга ўтган, у ердан Туркияга учиб кетган, Истанбулдан эса Кишинёвга келган.

Молдова президенти Мария Санду аэропортда ҳалок бўлганлар, Ички ишлар вазирлиги чегара полицияси бошлиғи ўринбосари Сергей Мунтяну ва Давлат хавфсизлик хизмати резервидаги подполковник Игорь Чофу хотирасига 4 июлни миллий мотам куни деб эълон қилди.

Мамлакатнинг барча аҳоли пунктларида ва хориждаги дипломатик ваколатхоналарда давлат байроқлари яримга туширилади, соат 12.00 да бир дақиқалик сукут сақланади. Мария Санду Мунтяну ва Чофуни Meritul Militar («Жанговор хизматлари учун») медали билан тақдирлаш ҳақидаги фармонни имзолади.

ℹ️ Кишинёв аэропортидаги воқеа 30 июнь куни кечқурун содир бўлган. Туркиядан келган Рустам Ашуровга Молдовага киришга рухсат берилмаган. Қўшимча текширув чоғида Тожикистон уни халқаро қидирувга бергани маълум бўлади. Ашуров чегарачига ҳужум қилиб, қуролини олиб, икки кишини отиб ташлайди, яна бир неча кишини гаровга олади. Махсус кучлар томонидан бинони ишғол қилиш пайтида у камида ўнта ўқ жароҳатини олади. Шифокорлар унинг ўпкасининг бир қисмини олиб ташлайди. Ҳибсга олингандан кейин ҳам Ашуров жуда оғир аҳволда эди, у шифокорлар ва милиция қўриқчилари назорати остида бўлган. У ҳушига келмай вафот этган.