Польша Европа суди тақиқи ва ватанида қийноқлар кутишига қарамай, Тожикистон фуқаросини экстрадиция қилди

Сорбон Абдураҳимзода фарзандлари билан. "Озоди" сайти фотосурати

Польша ҳукумати Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судининг (ИҲЕС) 24 майдаги қарорига зид равишда Тожикистон фуқароси Сорбон Абдураҳимзодани депортация қилди. Бу ҳақда «Озоди» (РФда хорижий агент сифатида тан олинган Озодлик радиосининг тожик хизмати) Польша ОАВларига таяниб хабар берди.

Wyborcza газетасига кўра, Абдураҳимзода Тожикистонда тақиқланган «Гуруҳ 24» ташкилотига алоқадор фаол бўлгани сабаб, унга ватанида «террорчилик фаолияти»да айб қўйилган. 2017 йилдан буён Абдураҳимзода ва унинг оиласи Украинада истиқомат қилади, у ерда унга нисбатан депортация жараёни бошланган, аммо Тожикистонда унинг ўлим хавфи борлиги кўрсатилган ИҲЕС қарори туфайли бу жараён тўхтатилган.

Россия расмийлари Украина ҳудудида махсус ҳарбий операция ўтказилишини эълон қилганидан кейин Абдураҳимзода Польша билан чегарани кесиб ўтмоқчи бўлган, бироқ у отаси билан бирга назорат-ўтказиш пунктида қўлга олинган. Польша давлатининг «хавфсизлигига таҳдид бўлиши» муносабати билан уларга нисбатан депортация жараёни бошланганди.

Абдураҳимзоданинг яқинларининг «Озоди» га айтишича, Тожикистонда уни ижтимоий тармоқларда «24-гуруҳ» видеосига «лайк» босганликда айблашмоқда. Сорбоннинг ўзи эса айбловларни асоссиз деб билади.

Фаолни ватанига жўнатиш бўйича биринчи уриниш 28 май куни, Польша Ички ишлар вазирлиги 22 май куни Абдураҳимзодни зудлик билан депортация қилиш тўғрисида қарор қабул қилганидан сўнг амалга оширилган. Депортацияни тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилинганида у Истанбулга учаётган самолётда бўлган.

Бунга тожик адвокати Богумил Зигмонтнинг ички ишлар вазирлигининг мижозини зудлик билан депортация қилиш тўғрисидаги қарори ҳақида билиб, эртаси куниёқ ИҲЕС га ариза ёзгани ва Европа суди жараённи тўхтатган.

«ИҲЕС томонидан чиқарилган «вақтинчалик чора»га кўра, Абдураҳимзодани Польша расмий органларида, шу жумладан маъмурий судларда кўриб чиқишлар тугаганидан кейин уч ҳафта ўтмагунча депортация қилиш мумкин эмас», — дея тушунтирганди адвокат ўшанда.

22 июнь куни Freedom for Eurasia нодавлат ташкилоти раиси Лейла Назгул Сейитбек Twitter да Абдураҳимзода «ҳарбий самолёт билан Польшадан Болгарияга олиб кетилган ва ҳозирда вақтинчалик ҳибсхонада» деб ёзган. Кейинроқ унинг қўшимча қилишича, самолёт Тбилиси аэропортига қўнган ва яқин соатларда Душанбега йўл олади. Бу ҳақда Зигмонт ҳам хабар берган.

«Польша ҳукумати Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судининг жорий йил 24 майдаги қарорига зид равишда, Абдураҳимзодани Тожикистонга депортация қилди, у ерда уни қийноқлар ва узоқ муддатли қамоқ жазоси кутмоқда», — дейди адвокат.

Айни пайтда, «Паём» сайти хабарига кўра, Польша полицияси фаолнинг отаси Пулод (Абдураҳим) Абдураҳмоновни топиш учун рейд ўтказмоқда. У Польшадан бошпана олишдан бош тортган ва бу қарор устидан судга шикоят қилишга улгурмаган. Полиция, хусусан, Варшаванинг Урсус микрорайонидаги бир неча тожикистонликларнинг уйларида тинтув ўтказган. Рейд натижасида аввали Пўлод Абдураҳмонов билан бирга вақтинча сақлаш ҳибсхонасида бўлган шахс қўлга олинган.

ℹ️ «24-гуруҳ» ижтимоий-сиёсий ҳаракати Тожикистондаги таниқли тадбиркор Умарали Қувватов томонидан 2012 йили ташкил этилган. 2014 йил октабрь ойида «24-гуруҳ» фаолияти Тожикистон Олий судининг қарори билан экстремистик деб топилиб, республика ҳудудида тақиқланган. Шундан сўнг Тожикистон ҳуқуқ-тартибот идоралари талаби билан унинг ўнлаб аъзолари Россия ва бошқа мамлакатларда ҳибсга олинган. Улардан баъзилари Душанбега экстрадиция қилинган ва узоқ муддатга қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Ҳаракат тарафдорларининг бир қисми Европага ҳижрат қилган ва у ерда сиёсий фаолиятини давом эттирмоқда.