Термизда коррупцияда айбланган собиқ ҳоким устидан суд жараёни бошланди

Исроил Худойбердиев. daryo.uz сайти фотосурати

Сурхондарё вилояти Жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар судида бошқа судланувчилар қатори Жиноят кодексининг ўндан ортиқ моддаси бўйича жиноят содир этганликда айбланаётган Термиз шаҳрининг собиқ ҳокими Исроил Худойбердиев иши бўйича суд жараёни бошланди. Бу ҳақда республика Олий суди матбуот хизмати хабар берди.

Жами 18 нафар судланувчи бўлиб, уларнинг баъзилари ҳибсга олингунга қадар ҳокимлик лавозимларида ишлаган.

Собиқ ҳоким ва бошқа шахсларга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг қуйидаги моддалари бўйича айблов эълон қилинди:

✔️ 167 («Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш»);

✔️ 167 модда 25 орқали («Ўғирликка тайёргарлик кўриш»);

✔️ 168 («Фирибгарлик»);

✔️ 184 «“Солиқлар ёки йиғимларни тўлашдан бўйин товлаш»);

✔️ 205 («Ҳокимият ёки мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш»);

✔️ 205 модда 28 орқали («Ҳокимият ёки мансаб ваколатларини суиистеъмол қилишда шериклик»);

✔️ 206 («Ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш»);

✔️ 209 («Мансаб сохтакорлиги»);

✔️ 209 модда 28 орқали («Мансаб сохтакорлигига шериклик»);

✔️ 210 («Пора олиш»);

✔️ 229-4 («Ер бериш тартибини бузиш»).

Исроил Худойбердиев 2017 йил февралидан 2022 йил сентябрига қадар Термиз шаҳри ҳокими лавозимида ишлаган. Ўтган йил октабр ойида ҳуқуқ-тартибот идоралари собиқ ҳоким ва яна ўн кишини «Яшил дунё» савдо мажмуасидаги савдо дўконлари қурилишидан олинган маблағларни ўзлаштирганликда гумон қилиб, ҳибсга олгани ҳақида хабар берилган эди.

Gazeta.uz манбаларига кўра, гап 14,8 миллиард сўм (тахминан 1,3 миллион доллар) ҳақида бормоқда. ЎзА шаҳар ҳокимлигининг собиқ раҳбари ва унинг қўл остидаги ходимларининг ҳаракатларидан кўрилган зарар 19,7 миллиард сўмни (1,7 миллион доллар) ташкил этгани ҳақида хабар берганди. Ўзбекистон Бош прокуратураси эса етказилган зарар 35,6 миллиард сўм (3 миллион доллардан ортиқ) миқдорида эканини таъкидлаган эди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ