Тожикистонда саккиз нафар ҳарбий хизматчи аскарларни калтаклагани учун узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилди

АСКАРЛАРНИНГ КАЛТАКЛАНИШИГА ОИД ВИДЕОЁЗУВДАН КАДРЛАР

Тожикистонда Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) Чегара қўшинларининг 0215-сонли ҳарбий қисмида аскарларнинг оммавий калтакланиши бўйича суд ҳукми ўқилди. «Озоди» (РФда хорижий агент сифатида тан олинган Озодлик радиосининг тожик хизмати) хабарига кўра, тўрт нафар айбланувчи 9,5 йилга, яна тўрт нафари, жумладан биринчи Ворух чегара қўмондонлиги бошлиғи, подполковник Нузҳат Лазуриев 11,5 йилга озодликдан маҳрум этилган.

Ҳукмни Тожикистон Олий суди ҳарбий ҳайъати 30 май куни эълон қилди, суд жараёни Хўжанд ҳарбий гарнизони биносида бўлиб ўтган.

«Озоди» хабарига кўра, сержант Жонибек Қосимзода ва подполковник Нузҳат Лазуриев Тожикистон Жиноят кодексининг 391-моддаси 3-қисми «б» банди («Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш») билан айбдор деб топилган. Биринчиси 9,5 йилга, иккинчиси 11,5 йилга озодликдан маҳрум этилган.

Қолган судланувчилар Тожикистон Жиноят кодексининг 373-моддаси 2-қисми («Ҳарбий хизматчилар ўртасида устав қоидаларини бузиш») билан айбдор деб топилган.

«Дедовщина» иши бўйича айбланувчилар шу йилнинг апрель ойи охирида ижтимоий тармоқларда аскарлар калтакланаётгани акс этган видео пайдо бўлганидан кейин ҳибсга олинган эди. Ҳарбий прокуратура видеони ўрганиб чиқиб, воқеа 2022 йил 15 декабрда содир бўлганини аниқлаган.

«Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Чегара қўшинларининг 0215-сонли ҳарбий қисми ҳарбий хизматчилари сержант Жонибек Қосимзода, оддий аскарлар Фахриддин Азимов, Аъзам Камолов, Маҳмудназар Нозимов ва Хожиакбар Сайфуллоевлар қонунчилик қоидаларини қўпол равишда бузган ҳолда кичик сержант Меҳмонжон Мисиров, оддий аскарлар Бекзод Чориев, Замира Каримзода, Некруз Амиров ва Алишер Мусоевларнинг уриб, калтаклаб, уларнинг соғлигига зиён етказишган», — дейилади Бош прокуратура хабарида.

ℹ️ Тожикистон ҳукумати БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитасига юборган ҳисоботида айтилишича, биргина 2019-2021-йиллар оралиғида тожик армиясида уставдан ташқари муносабатлар, аскарларга нисбатан қўпол муомала ва қўмондонларнинг ўз ваколатини суиистеъмол қилиши оқибатида 100 дан ортиқ ҳарбий хизматчи ҳалок бўлган. Тожикистон Бош прокуратураси сўнгги ҳисоботида кейинги уч йилда ҳарбий қисмларда содир этилган жиноятларни яширганлик учун 639 нафар мансабдор шахс жавобгарликка тортилганини билдирган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ