Қирғизистон ҳукумати Россия билан биргаликда қурилажак янги мактаблар жойини маълум қилди

GOSRF.RU САЙТИ ФОТОСУРАТИ

Россия ҳукумати Қирғизистонда қуришни режалаштираётган 9 та мактабнинг дастлабки учтаси Бишкек, Боткен ва Қоракўлда қурилади. Ушбу таълим муассасаларининг ҳар бири 1224 ўқувчига мўлжалланган. Бундай маълумотларни Қирғизистон Жогорку Кенеши (парламенти) йиғилишида Таълим ва фан вазири ўринбосари Уланбек Усеков маълум қилди, деб ёзади Kaktus.media нашри.

Усековнинг таъкидлашича, агар икки давлат ҳукуматлари ўртасидаги келишув ратификация қилинса, жорий йилда дастлабки учта мактаб қурилиши бошланади.

«Битта мактабнинг дастлабки қиймати 500 миллион рублни (6,2 миллион доллар) ташкил этади. Мактаби битирганлик тўғрисидаги гувоҳнома қирғиз тилида ҳам, рус тилида ҳам берилади. Ҳар йили учтадан иншоот қурилиши бошланиши режалаштирилган», — дея қўшимча қилди мулозим.

Усеков мактабларни лойиҳалаш учун зарур шарт-шароитларни санаб ўтди: камида уч гектар майдон, инфратузилма ва бинога Интернетни улаш имконияти. Объектлар фойдаланишга топширилгач, республика балансига ўтказилади, деди вазирлик вакили.

Депутатлар саволларига жавоб бераркан, вазир ўринбосари россияликлар томонидан таълим муассасалари қуриш учун таклиф қилинган тўққизта жойнинг барчасини айтиб ўтди:

🔔 Бишкек — Сухе-Батор кўчаси;

🔔 Қоракўл — Элебаев ва Карасаев кўчалари кесишмасида;

🔔 Боткен — Ойгул-Тош участкаси, Чет Булоқ квартали;

🔔 Ўш – «Жаштик» оромгоҳи ҳудудида;

🔔 Ўш вилояти — Ўзган тумани, Прогресс қишлоғи;

🔔 Жалолобод — Пушкин кўчаси;

🔔 Талас — Алймқулов кўчаси;

🔔 Чуй вилояти — Сўқулук тумани, Новопавловка қишлоғи;

🔔 Норин — Ленин кўчаси.

Усековнинг сўзларига кўра, бу мактабларда таълим рус тилида олиб борилади, тўртта фан: қирғиз тили, қирғиз адабиёти, Қирғизистон тарихи ва манасшуносликдан ташқари.

«Ўқув дастури ҳар икки давлат стандартларига асосланади», — деди Усеков.

Мактаблар бошқарувини Россия ўз қўлига олади, уларда Россиядан келган директорлар ишлайди. Маҳаллий ўқитувчиларнинг маошлари Россия Федерациясидан келган ўқитувчиларнинг маошларига тенглаштирилади. Шу билан бирга, Россия расмийлари ўз ўқитувчиларининг иш ҳақини мустақил равишда тўлашни ваъда қилишмоқда.

Қирғизистон Таълим ва фан вазири Уланбек Мамбетакунов жорий йилнинг январь ойида Россия томонидан Қирғизистон ҳудудида тўққизта мактаб қурилиши ҳақида гапирган эди. Кейинчалик у Бишкек, Ўш, шунингдек мамлакатнинг етти вилоятининг ҳар бирида янги таълим муассасалари қурилиши режалаштирилганлигини маълум қилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ