АҚШ Конгресси Қозоғистонга нисбатан Жексон-Веник тузатишини бекор қилиш масаласини кўриб чиқади

wto.ru сайти фотосурати

АҚШ Конгресси Қозоғистонга нисбатан Жексон-Веник тузатишини бекор қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини кўриб чиқади. Бу ҳақда «Хабар 24» маълум қилди.

«Жексон-Веник тузатиши каби эски қонунлар АҚШнинг Россияни ўраб турган давлатлар билан савдо ва дипломатик муносабатларни ривожлантиришга қаратилган ҳаракатларига тўсқинлик қилмоқда. Ушбу тузатишни бекор қилиш орқали биз Қозоғистон билан икки томонлама муносабатларимизни мустаҳкамлаймиз, муҳим фойдали қазилмалар ва бошқа ресурслар бўйича янги савдо шеригини кашф этамиз ҳамда мамлакатларимиз ўртасидаги сармоявий ва дипломатик алоқаларни кенгайтиришга ёрдам берамиз. Бу қонунчилик Қўшма Штатларнинг Марказий Осиё ва ундан ташқарисида рақобатбардошлигини оширишга қаратилган ақлли ва истиқболли қадамдир», — деди қонун лойиҳасининг ҳаммуассиси Жимми Панетта (Jimmy Panetta).

Қонун лойиҳаси биринчи навбатда Конгресс Вакиллар палатаси томонидан кўриб чиқилади, маъқулланса, тасдиқлаш учун Сенатга тақдим этилади.

ℹ️ Жексон-Веник тузатиши 1974 йили конгрессменлар Г.Жексон ва C.Веник томонидан 1974 йилги Савдо тўғрисидаги қонунга киритилган ҳуқуқий қоидадир. Унда эркин эмиграцияга тўсқинлик қилувчи ва бошқа инсон ҳуқуқларини бузувчи давлатларга савдо ва молиявий чекловлар қўйиш назарда тутилган.

Тузатиш бозор иқтисодиётига эга бўлмаган мамлакатлардан АҚШга олиб кириладиган товарларга нисбатан камситувчи тариф ва йиғимларни қўллашни, шунингдек давлат кредитлари ва кредит кафолатларини тақдим этишни тақиқлашни назарда тутади.

СССР парчаланганидан сўнг, ўзгартириш автоматик равишда барча МДҲ мамлакатларига татбиқ этилди. Қўшма Штатлар аввалроқ Россия, Украина, Қирғизистон, Арманистон, Грузия, Латвия, Литва, Эстония, Хитой ва бошқа қатор давлатларни унинг таъсир доирасидан олиб чиққан эди.

ℹ️ Мустақилликка эришганидан бери Қозоғистон бир неча бор тузатишни бекор қилишга ҳаракат қилган. Хусусан, ушбу Марказий Осиё республикаси билан доимий нормал савдо алоқаларини (PNTR) ўрнатиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси 2021 йил октабрь ойида АҚШ Конгрессига киритилган эди. Ўшанда қонун лойиҳаси ҳаммуассиси Дина Титус Қозоғистон 1991 йили мустақилликка эришганидан бери ҳар йили Жексон-Веник қоидаларига мувофиқлигини тасдиқлаб келаётганини, Қўшма Штатлар эса Қозоғистоннинг бу қоидаларга қарийб 30 йил давомида амал қилишини мунтазам тасдиқлаб келаётганини таъкидлаган эди. Шунга қарамай, Қўшма Штатлар Қозоғистон билан савдо алоқаларини охиригача нормаллаштира олмаган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ҳам Жексон-Веник тузатишидан чиқишни кутмоқда. Ушбу мамлакат билан PNTR қонун лойиҳаси 2021 йил март ойида АҚШ Конгрессига киритилган. Аввалроқ, 2020 йил февраль ойида АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Даниел Розенблюм ушбу тузатиш мамлакат Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлганидан кейин бекор қилинишини тушунтирган эди. Ўзбекистон ЖСТга аъзо бўлиш учун 1994 йили ариза берган, 2005 йил октабр ойида Андижондаги май воқеалари туфайли ушбу жараён тўхтатилган, орадан 12 йил ўтиб қайта бошланди. 2022 йил февраль ойида республика Европа Иттифоқи билан ташкилотга қўшилиш бўйича икки томонлама музокаралар жараёнини тезлаштиришга келишиб олди.

Таъкидлаш жоиз, Қозоғистон ЖСТга 2015 йили аъзо бўлган. «Хабар 24»нинг ёзишича, 2022 йили республиканинг АҚШ билан савдо айланмаси 40 фоизга ошиб, 3 миллиард долларга етган. Таҳлилчиларнинг фикрича, агар Жексон-Веник тузатиши бекор қилинса, бу миқдор сезиларли даражада ошади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ