Тожикистондаги аксари стадионларда сунъий ёритиш тизими мавжуд эмас

Хўжанддаги стадион. soccer.ru сайти фотосурати

Тожикистон Футбол Лигаси (ТФЛ) матбуот хизмати ўзининг Телеграм-каналида мамлакат чемпионати ўйинларининг кундузи ўтказилишини республиканинг аксарият стадионларида сунъий ёритиш йўқлиги билан изоҳлади.

Шу тариқа, ТФЛ мухлисларнинг Тожикистон чемпионати Олий лигаси ўйинлари нима учун кундузи ва иш кунларида ўтказилаётгани ҳақидаги саволларига жавоб қайтарди.

«Фақат стадионларда ёруғлик йўқлиги сабабли Тожикистон футбол лигаси ўйинлар бошланиш вақтини белгилашда асосий эътиборни кундузги соатга қаратишга мажбур, акс ҳолда қоронғулик бошланиши сабаб ўйинлар якунланмай қолади», — дейилади хабарда.

Матбуот хизматининг аниқлик киритишича, Олий лига жамоаларининг уй ареналарида (Душанбе шаҳридаги Марказий Республика стадиони ва Ҳисор шаҳридаги Марказий стадиондан ташқари) норматив талабларга жавоб берадиган сунъий ёритиш тизимлари мавжуд эмас ёки умуман прожекторлар йўқ.

ТФЛ шунингдек, Федерация ва Лига сунъий ёритиш мавжудлиги ёки йўқлиги, майсазор сифати, трибуналар ва умуман стадионнинг ҳолати учун жавобгар бўлмаслигини эслатди.

«Бу масалалар билан фақат чемпионатда иштирок этувчи жамоалар шуғулланиши керак. Бир сўз билан айтганда, уйимиздаги тозалик ва тартиб учун бошқалар эмас, ўзимиз масъулдирмиз», — дея хулоса қилади ТФЛ матбуот хизмати.

1 апрель куни Тожикистон чемпионати Олий лигасининг 2023 йилги мавсуми бошланди. Турнирда 10 та жамоа иштирок этади.