Россияда тожикистонлик йигит ИШИДга алоқадорликда айбланиб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди

ФХХ байроғи

Россиянинг Иккинчи Ғарбий округ ҳарбий суди асли тожикистонлик Т. М. Назаровни 21 та жиноят содир этгани учун умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилди. Бу ҳақда 17 апрель куни Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФХХ) Москва ва Москва вилояти бўйича бошқармасининг матбуот хизмати баёнотига таяниб, ТАСС хабар беради.

Назаров Россия Жиноят кодексининг 205, 205.1, 205.4 ва 205.5 (террорчилик фаолиятини ташкил этиш ва унда иштирок этиш) 222, 222.1 (қурол, ўқ-дорилар ва портловчи моддаларни қонунга хилоф равишда олиш, сақлаш ёки олиб юриш), 223,1 (ноқонуний равишда портловчи қурилмаларни тайёрлаш) бўйича айбдор деб топилган.

Назаровга умрбод қамоқ жазосидан ташқари 1,5 миллион рубль миқдорида жарима ҳам белгиланган.

Шу билан бирга, департамент Тожикистон фуқароси қачон ҳибсга олингани ва унга қачон ҳукм чиқарилгани ҳақида маълумот бермаган.

«Россия ФХХ ходимлари «Ислом давлати» (ИШИД)* халқаро террорчилик ташкилоти етакчиларидан бири, Тожикистон Республикаси фуқароси, 1989 йилда туғилган Назаров T.M.нинг ноқонуний фаолиятига чек қўйди. Аниқланишича, Назаров Т.М. ИШИД тарафдори бўлиб, террорчилик ҳаракатлари содир этиш мақсадида террорчилик гуруҳини ташкил этган ва Москва вилояти ҳудудида ва Новосибирск шаҳрида қўлбола портловчи қурилмаларни одамлар гавжум жойларда, жумладан РТЙ [Россия темир йўллари] объектларида портлатиб юборишни режалаштирган», — дейилади баёнотда.

Матбуот хизматининг қайд этишича, Назаров ўзи Сурияда бўлган ҳолда, Тожикистон фуқароларини ИШИД сафига жалб қилган.

«Хорижий ҳамкорлар билан ўзаро ҳамкорлик натижасида Россия ФХХ ходимлари Назаров T.M.ни Сурия Араб Республикаси ҳудудида аниқлаб, қўлга олди, шундан сўнг у Россияга олиб келинди. Олиб борилган тезкор тадбирлар давомида гуруҳга кирган террорчилар ушланиб, жиноий жавобгарликка тортилди. Шундай қилиб, кўрсатилган террорчилик гуруҳи фаолиятига чек қўйилди. Ўтказилган тергов ҳаракатлари Т.М.Назаровнинг айбига оид тўлиқ далиллар тўплади», — дея қўшимча қилади ФХХ матбуот хизмати.

*Юлдузча билан белгиланган ташкилотлар Россия ва кўпгина давлатларда террорчи сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).