Қамоқдаги адвокат Бузургмеҳр Ёровга нисбатан янги жиноят иши қўзғатилган

Бузургмеҳр Ёров. «Азия-плюс» сайти фотосурати

Тожикистон Ички ишлар вазирлигининг Тергов бошқармаси қамоқдаги адвокат Бузургмеҳр Ёровга нисбатан янги жиноий иш очган. Бу ҳақда «Бузургмеҳр» жамғармаси хабар берди.

Мазкур ҳолат юзасидан Тожикистон Жиноят кодексининг 247-моддаси 4-қисми «а» ва «б» бандлари («Ўта хавфли рецидив билан содир этилган ўта йирик ҳажмдаги фирибгарлик») билан қўзғатилган. Ушбу моддада мол-мулки мусодара қилинган ҳолда жарима ёки 8 йилдан 12 йилгача озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазо назарда тутилган.

Жамғармада мавжуд бўлган маълумотларга кўра, Ёровга қарши аризани Вахдатдаги ЯС 3/1-сонли колонияда адвокат билан бирга ўтирган маҳкум ёзган. Айбловнинг моҳияти ва тафсилотлари номаълум.

Жамғарма Бузургмеҳр Ёровга нисбатан қўзғатилган янги жиноят иши уйдирма ва ноқонуний йўллар билан олинган далиллар асосида қўзғатилган, деб ҳисоблайди.

Бузургмеҳр Ёров 2015 йил 28 сентябрда террорчи-экстремистик деб тан олинган, Тожикистон ва Россияда фаолияти тақиқланган Ислом Уйғониш партияси (ТИУП) аъзоларини ҳимоя қилишга келганидан сўнг фирибгарлик ва ҳужжатларни сохталаштиришда айбланиб ҳибсга олинган эди. Ёров 23 йилга озодликдан маҳрум этилган, кейинчалик бошқа айбловлар бўйича унинг муддати 28 йилга оширилган.

2022 йилнинг ноябрида Ваҳдатдаги колония маъмурияти Ёровни Душанбедаги қаттиқ тартибли қамоқхонага ўтказган.

«Унинг инсон ҳуқуқлари ва маҳбуслар ўртасидаги таълим фаолиятидан норози бўлган расмийлар ҳибсда сақлаш шартларини икки йилга қаттиқроқ шароитга ўзгартирдилар. Айни пайтда жаноб Ёров Б. дастлабки тергов тугаши ва суднинг якуний қарори чиқарилгунга қадар Душанбе шаҳридаги 1-сонли тергов ҳибсхонасига ўтказилган», — дейилади «Бузургмеҳр» жамғармаси хабарида.

Маҳкум адвокатнинг онаси сўзларига кўра, Тожикистонда бирорта ҳам юридик ташкилот, фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланувчи адвокат ёки жамоат ташкилотлари тергов ва ҳуқуқ-тартибот идоралари босимидан қўрқиб, ўғлининг ишини кўриб чиқишмаяпти. Давлат адвокати жараёнда бир-икки марта қатнашган, Бузургмеҳр Ёровнинг яқинлари билан алоқага чиқмаяпти ва унинг иши бўйича ҳеч қандай маълумот бермаяпти.

«Бузургмеҳр» жамғармаси Тожикистон Конституциясида кафолатланган фуқароларнинг ўз фикрини билдиргани учун таъқиб қилинишини қоралайди.

«[Тожикистон Президенти] Эмомали Раҳмоннинг миллат етакчиси, тинчлик ва тотувлик асосчиси сифатидаги ролига очиқдан-очиқ рози бўлмаслик, шунингдек, колониядаги маҳбусларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, тарбиявий ишлар олиб борганлиги учун жиноий иш қўзғатилиши – бу инсоннинг фикр билдириш, ирода эркинлиги ва юридик ёрдам кўрсатишга бўлган асосий ҳуқуқларини очиқдан-очиқ поймол этилишидир», — дея таъкидлайди жамғарма.