Алихон Смоилов Қозоғистон Бош вазири лавозимини сақлаб қолди

Алихон Смаилов. gazeta.ru сайти фотосурати

Қозоғистон Мажилиси (парламент қуйи палатаси) депутатлари кўпчилик овоз билан президент Қосим-Жомарт Тўқаев томонидан таклиф этилган Алихон Смоилов номзодини республика Бош вазири лавозимига маъқуллади, деб хабар беради КазТАГ.

Қайд этилишича, овоз беришда иштирок этган 97 депутатдан 82 нафари Смоиловнинг қайта тайинланишини ёқлаган, етти нафари қарши чиққан, яна саккиз нафари бетараф қолган.

Давлат раҳбари парламентда сўзга чиқиб, бош вазирликка номзодни тажрибали, ҳалол ва меҳнатсевар инсон сифатида тақдим этди.

«У ҳукумат олдида турган муаммоларни яхши билади. Мен унга янги ҳукумат жиловини ишониб топшириш мумкинлигига ишонаман», — деди Тўқаев.

Номзод ҳақида икки фракция вакиллари гапирди. «Ауыл» раҳбарияти Смоиловни қўллаб-қувватлашини ва Вазирлар Маҳкамасига ўз фаолиятини давом эттириш имкониятини бериш керак, деб ҳисоблашини билдирди. Умуммиллий социал-демократик партия (УСДП) вакили бўлган парламент мухолифати собиқ Бош вазирнинг қайта сайланишига қарши чиқди.

Мажлисда овоз беришдан сўнг Тўқаев Смоиловни қайта тайинлаш тўғрисидаги фармонни имзолади.

30 март куни парламентдаги кўпчилик ўринларга эга бўлган Amanat партияси президентга Смоиловни Бош вазир лавозимига тасдиқлашни таклиф қилди. Шундан сўнг, қонунга мувофиқ, Тўқаев барча парламент фракциялари раҳбарлари билан учрашув ўтказди ва Бош вазир номзодини муҳокама қилди.

Смоилов 29 мартгача, президент парламент қуйи палатасининг янги таркиби шаклланиши муносабати билан Вазирлар Маҳкамасини тарқатиб юборгунга қадар республика Бош вазири лавозимида ишлади.

Эслатиб ўтамиз, 29 март куни депутатлар Мажилис спикерини сайладилар – улар бир овоздан Ерлан Кошановни Amanat раислигига тасдиқлаган, у навбатдан ташқари сайловларгача ушбу лавозимни эгаллаганди. Унинг ўринбосарлари партиядоши Алберт Рау ва «Ак Жол» вакили Дания Эспаева бўлди.

Мажилис ўз тузилмасини ўзгартирмади, палатада еттита ихтисослаштирилган қўмита ишлайди:

👉 Молия ва бюджет қўмитаси, раҳбари — Мади Такиев;

👉 Иқтисодий ислоҳотлар ва минтақавий ривожланиш қўмитаси, раҳбари – Нуртай Сабилянов;

👉 Ижтимоий-маданий ривожланиш қўмитаси, раҳбари — Асхат Аимагамбетов;

👉 Халқаро ишлар, мудофаа ва хавфсизлик қўмитаси, раҳбари – Ойгул Куспан;

👉 Аграр масалалар бўйича қўмита, раҳбари — Серик Эгизбоэв;

👉 Экология ва табиатдан фойдаланиш қўмитаси, раҳбари – Едил Жанбиршин;

👉 Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ ислоҳотлари қўмитаси, раҳбари — Снежанна Имашева.

«Власть» нашри маълумотларига кўра, еттита қўмитадан олтитасини Amanat аъзолари бошқарган. Бу рўйхатда фақат Серик Эгизбоев бошқа партия – «Ауыл» вакили.

Алихон Смоилов 1972 йилда туғилган. Ал-Фаробий номидаги КазНУ («амалий математика» мутахассислиги) ва КИМЭП (давлат бошқаруви магистри даражасини олган) битирувчиси. 2009-2014 йиллари Қозоғистон Статистика агентлигини бошқарган. 2019 йили ҳукумат истеъфога чиққунга қадар у Молия вазири лавозимида ишлаган. 2019 йил февраль ойида у Бош вазирнинг биринчи ўринбосари – Молия вазири лавозимини эгаллаган эди.

2022 йил 5 январда Смоилов бутун Вазирлар Маҳкамаси билан бирга истеъфога чиққан Асқар Мамин ўрнига Бош вазир вазифасини бажарувчи этиб тайинланганди. Истеъфо Қозоғистон жануби-ғарбида, Мангистау вилоятида 2 январь куни бошланган норозилик намойишлари фонида бўлди. 11 январь куни депутатлар Смоиловнинг ҳукумат раҳбари лавозимига номзодини маъқулладилар.

Жорий йилнинг 19 март куни Мажилис ва маслиҳатлар (кенгашлар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари) депутатлари сайлови бўлиб ўтди. Қозоғистонда сайловчиларнинг 54,19 фоизи иштирок этди, хориждаги дипломатик ваколатхоналарда сайловчиларнинг 72,54 фоизи овоз берди. Сайловчиларнинг 3,9 фоизи — 248,3 минг киши ҳаммага қарши овоз берди.

Якуний натижаларга кўра, ҳукмрон Amanat партияси парламентдаги 98 ўриндан жами 62 тасини (бир мандатли сайлов округларидаги ўринларни ҳисобга олган ҳолда) қўлга киритиб, ишончли ғалабага эришди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ