Тўқаев ҳукуматни тарқатиб юборди ва Amanat партиясига бош вазирликка номзод кўрсатиш ҳуқуқини берди

Қозоғистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев ҳукумат истеъфосини қабул қилди, унинг аъзолари янги Вазирлар Маҳкамаси шакллантирилгунга қадар вазифасини бажарувчи мақомида ишлайди. Давлат раҳбари Amanat партиясига бош вазир номзодини кўрсатиш ҳуқуқини ҳам берди, дея хабар беради КазТАГ.

Шундай қилиб, Тўқаев ибораси билан айтганда бу партия сиёсий масъулиятни ўз зиммасига олади, бу «кучли президент – ​​нуфузли парламент – ​​ҳисобдор ҳукумат» формуласини яна бир бор тасдиқлайди.

«Янги ҳукумат қатор ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириши керак. Келгусида турли сиёсий партиялар вакилларини ҳукумат ва ҳокимликлар (бошқарувлар)даги раҳбар лавозимларга жалб этишни назарда тутиш мақсадга мувофиқдир. Шу мақсадда сиёсий партияларга кадрлар захирасини шакллантиришни таклиф қиламан. Бу вакиллик ва ижро ҳокимияти органларининг ўзаро ҳамкорлигига янги суръат бағишлайди», — дея тушунтирди Президент парламентнинг ҳар икки палатасининг қўшма мажлисида сўзлаган нутқида.

Қайд этилишича, Мажилиснинг (парламент қуйи палатаси) янги депутатлари қасамёд қилиши, қуйи палата спикерини сайлаши, сўнгра сайловда ғалаба қозонган Amanat партияси бош вазир номзодини кўрсатиши керак. Аввалари президент бош вазир лавозимига номзодни таклиф қиларди.

Тўқаев ўз нутқида сиёсий тизимдаги ислоҳотлар туфайли Мажилис қўшимча ваколатларга эга бўлиб, уни «ҳақиқатан ҳам таъсирчан парламент»га айлантирганини таъкидлади. Хусусан, президент таъкидлаганидек, агар илгари қонун лойиҳаси депутатлар маъқуллаганидан кейин Сенат томонидан қабул қилинган бўлса, эндиликда қонунларни тасдиқлаш ҳуқуқи Мажилисга ўтган.

Шу билан бирга, давлат раҳбари мутасаддиларни қўрқоқлик, қарор қабул қилишда сусткашликда танқид қилди.

Унинг сўзларига кўра, давлат хизматчилари масъулиятни ўз зиммасига олишдан, уни ҳамкасблари ва қўл остидагиларга топширишдан қўрқишади, давлат аппаратида ҳақиқий дебюрократизация бўлмаган.

Тўқаев ҳукумат ва парламент олдида турган ишлар ҳақида гапирди, шунингдек, ижтимоий-иқтисодий соҳадаги қатор ўзгаришларни маълум қилди. Жумладан:

✅ «Қозоғистонни 2050 йилгача ривожлантириш стратегияси»ни қайта кўриб чиқиш амалга оширилади;

✅ Парламент ялпи мажлисларини телеканаллар орқали тўғридан-тўғри трансляция қилиш амалиёти қайтади;

✅ Қишлоқ хўжалиги корхоналари эҳтиёжлари учун 1 триллион тенге (2,2 миллиард доллар) ажратилади;

✅ 1 сентябрдан алоҳида эҳтиёжманд фуқаролар учун нафақа миқдори 14,5 фоизга оширилади;

✅ ички бозорни товар илан таъминлаш ва табақалаштирилган тарифни жорий этишни кўриб чиқиш.

Сўз якунида Тўқаев янги депутатларга фаолиятида муваффақиятлар тилади.

«Бизнинг бир мақсадимиз бор – адолатли Қозоғистон қуриш. Бунга бир кунда эришиб бўлмайди. Биз меҳнатсеварлик, фидойилик, профессионаллик, билимдонлик, интизом ва ватанпарварлик каби фазилатларни намоён этишимиз керак. Миллат ва давлат манфаатлари ҳамма нарсадан устун бўлиши керак», — дея хулоса қилади Президент.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тошкентда ҳарбий марш бўлиб ўтди

  • Алия Назарбоеванинг рейдерлик билан боғлиқ можаро марказида қолгани ва нега бу ишни ҳеч ким тергов қилишни хоҳламаётгани ҳақида

  • Қирғизистон президенти келтирган далиллар ва халқаро ташкилотларнинг «хорижий агентлар тўғрисида»ги қонун имзоланишига муносабати

  • «Крокус Сити Холл» да содир бўлган терактдан сўнг Россияда Марказий Осиёдан келган мигрантларга нисбатан босим кучайди