Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги Европа Иттифоқининг қайси давлати республика фуқаролари Шенген визасини олаётганида Қозоғистонни «маслаҳатлар рўйхати»га киритишни таклиф қилганини аниқлашга ҳаракат қилмоқда. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазири ўринбосари Роман Василенко маълум қилди, деб ёзади Nur.kz.
«Шенген келишуви доирасида у ёки бу аъзо давлатнинг ташаббуси билан ҳақиқатан ҳам ушбу рўйхатга фуқаролари учун виза беришдан олдин ушбу зонага аъзо барча давлатлар ўртасида маслаҳатлашув тартиби тақдим этиладиган давлат киритилиши мумкин. Ушбу процедура етти кунгача давом этади. Ҳақиқатан ҳам, кўп йиллар давомида бу рўйхатда бўлмаган Қозоғистон ЕИ давлатларидан бирининг ташаббуси билан у ерга киритилган эди. Қайси бири, биз ҳали билмаймиз. Биз ушбу қадамнинг қандай мантиққа асосланишини тушунмоқчимиз. Улар бизга қайси давлат, нима сабабдан шундай йўл тутганини ошкор қилишлари шарт эмас, аммо биз музокаралар олиб боришимиз, нима ҳақида саволлари борлигини билишимиз учун улар биз билан маълумот алмашишига умид қиламиз», – деди Василенко.
Қозоғистон 1 мартдан бошлаб мазкур рўйхатга киритилиши ҳақидаги маълумотлар жорий йилнинг февраль ойи охирида пайдо бўлган эди. Ушбу рўйхат маҳаллий оммавий ахборот воситаларида «қора» деб номланди, аммо Ташқи ишлар вазирлиги қозоғистонликлар учун Шенген визасини олиш учун ҳужжатларни кўриб чиқиш муддати ўзгармаганлиги сабабли бўрттирмасликка чақирди — бу муддат 15 кун.
Бундан ташқари, Василенконинг сўзларига кўра, Қозоғистон ҳукумати яқин келажакда Европа Иттифоқидаги ҳамкорлар билан виза режимини енгиллаштириш бўйича музокаралар бошлашни режалаштирмоқда.
Гап Шенген визаси тўлови нархини пасайтириш, виза олиш учун зарур бўлган ҳужжатлар тўплами ва уни кўриб чиқиш муддатларини қисқартириш ҳақида бормоқда.
«Биз Қозоғистон Республикаси ва ЕИ ўртасидаги Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимда (2020 йил март ойида кучга кирган) назарда тутилганидек, фуқароларимиз учун виза тартибини соддалаштириш бўйича музокаралар тезроқ бошланишини интиқлик билан кутмоқдамиз. Битим моддаларидан бирида айтилишича, томонлар одамлар ўртасидаги алоқалар ва саёҳат алмашинувини осонлаштириш учун виза тартибини соддалаштириш бўйича музокараларни бошлашга келишиб оладилар», — дейди Василенко.
Вазир ўринбосари Қозоғистон 2017 йили Европа Иттифоқининг барча давлатлари фуқаролари учун визасиз режим жорий қилганини эслатди. 2022 йили Қозоғистон Албания ва Андорра билан, аввалроқ Сербия билан ўзаро визадан озод қилиш тўғрисида битим имзолаган эди. Қозоғистон Черногория билан мавсумий визасиз режимга эга.
ℹ️ Европа Иттифоқи маслаҳатлашувлари рўйхатига 40 га яқин давлат, жумладан, Марказий Осиёнинг барча республикалари, бир қатор Африка давлатлари ва бошқа унчалик ривожланмаган давлатлар киради. Рўйхатда бўлиш Шенген визасини олишда ариза берувчини батафсил текширилишини англатади. Хусусан, консул маълумотларни ягона Шенген компьютер базасига юбориши ва тизимдан виза бериш учун алоҳида рухсат ёки тақиқни кутишига тўғри келади.