Янги Тошкент аҳолисини 800 минг кишига етказишга қарор қилинди

2022 йил октябрда Шавкат Мирзиёевга тақдим этилган лойиҳа. Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Янги Тошкент шаҳарчаси 800 минг аҳолига мўлжалланган, деб хабар қилди Ўзбекистон президенти матбуот хизмати. Аввалроқ Ўзбекистон пойтахтининг сунъий йўлдош шаҳрига 500 минг кишини жойлаштириш режалари ҳақида хабар берилганди.

«Янги Тошкент» лойиҳаси 10 март куни Президент Шавкат Мирзиёевга тақдим этилди. Шаҳарча пойтахтнинг шарқида – Тошкент вилоятининг Юқоричирчиқ ва Ўртачирчиқ туманлари ҳудудидан Чирчиқ ва Қорасув дарёлари оралиғидаги 20 минг гектар майдонда барпо этилиши режалаштирилган.

Матбуот хизматининг тушунтиришича, бугунги кунда Тошкент шаҳрида кўплаб ижтимоий-иқтисодий объектлар қурилган, бироқ аҳоли сони кўпайиб бораяпти, шу билан бирга инфратузилма юки ҳам ортиб бормоқда. Ҳокимият олдида февраль ойида киритилган мораторийни ҳисобга олган ҳолда пойтахтнинг меъморий қиёфасини сақлаб қолиш ва келажакдаги қурилишларни унинг чегараларидан ташқарига олиб чиқиш вазифаси қўйилган.

Янги Тошкент маъмурий-иқтисодий марказга айланиши кўзда тутилган. Унда вазирлик ва идоралар, олий ўқув юртлари, тиббиёт ташкилотлари, театр, кутубхона, меҳмонхоналар, турар-жойлар, истироҳат боғлари жойлашади. Яшил зоналар ҳудуди 363 гектарни ташкил этади.

Биринчи босқичда 6 минг гектарда бунёдкорлик қилиш режалаштирилган. Шундан келиб чиқиб, истиқболли қурилиш ҳудудлари, янги шаҳар билан пойтахтни бирлаштирувчи асосий йўллар схемалари ишлаб чиқилган.

Жамоатчилик расмийларнинг 2019 йили Ўзбекистон пойтахтининг сунъий йўлдош шаҳрини қуриш нияти ҳақида – Benoy халқаро компанияси ўз сайтида Янги Тошкентнинг бош режаси тақдимотини эълон қилганидан кейин маълум бўлди. 2022 йил октабрь ойида лойиҳа устида хорижий ва маҳаллий дизайнерлар икки йилдан бери ишлаётгани хабар қилинди. Улар аҳолининг ўсиш динамикасини, транспорт ва муҳандислик коммуникациялари ҳолатини, иқлим ўзгаришини таҳлил қилган ва шулар асосида транспорт узеллари ва аҳоли пунктларини ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқишган.

Ўзбекистон пойтахтининг 2045 йилгача бўлган бош режаси лойиҳасига «Янги Тошкент» концепцияси киритилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ