Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси айрим ОАВ ходимлари ва блогерларни сўз эркинлигини суиистеъмол қилганликда айблади

technocorp.uz айти фотосурати

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси (ЎЖУ) айрим оммавий ахборот воситалари ходимлари ва блогерлар «матбуотнинг муқаддас минбаридан ёлғон ёки бошқа ғаразли мақсадларда» фойдаланиб, сўз эркинлигини суиистеъмол қилаётганини таъкидлади. Бу ҳақда уюшма сайтида эълон қилинган хабарда айтилади.

Журналистлар уюшмаси оммавий ахборот воситалари вакилларининг касбий ахлоқ кодекси, холислик ва ростгўйлик тамойилларига риоя қилмаслик ҳолатларини оқлаб бўлмаслигини таъкидлайди.

«Тартибга чақириш, қонун асосида фаолият олиб боришга чорлаш сўз эркинлигига тажовуз, босим ёхуд цензура ҳисобланмайди!»,дейилади ЎЖУ хабарида.

Уюшма сўз эркинлиги борасида амалга оширилаётган ижобий ислоҳотларни эътироф этиб, «яширин, аммо қаттиқ цензура»га дуч келаётганидан шикоят қилган бир гуруҳ журналистлар ва ижтимоий фаолларнинг Республика президенти Шавкат Мирзиёевга йўллаган очиқ хатини шундай изоҳлади.

Уюшма ушбу мурожаат бундан 7−8 йил аввал эълон қилинганида, эҳтимол бирор фикр билдиришга ҳожат бўлмаслигини қайд этди.

«Бугун юртимизда очиклик сиёсати, сўз ва матбуот эркинлиги устувордир. Яқин вақт ичида ҳеч бир таҳририят ва мустақил журналистларга, блогерларга босим ўтказилаётганига ёки бирон-бир ахборотнинг мазмун-моҳиятини ўзгартириш ёки чиқмаслигини талаб қилиш ҳолатларига гувоҳ бўлмадик», — дея қайд этади Журналистлар уюшмаси.

Ташкилотнинг маълум қилишича, президент Шавкат Мирзиёевнинг сўз эркинлиги таъминланишида собитлиги, очиқлик сиёсати бу борадаги ислоҳотларнинг ортга қайтмас тус олгани, соҳага оид қонунчиликни такомиллаштириш бўйича қўйилган қадамлар матбуот соҳасида кенг имкониятлар эшигини очди.

«Жумладан, узоқ йиллар давомида ёпиб қўйилган қатор интернет нашрлари очилди, ОАВда эркин фаолият юритиш муҳити шаклланди, турфа «қора рўйхатлар»га барҳам берилганига барчамиз шоҳидмиз. ОАВ вакилларига ҳеч ким, бирон-бир давлат ташкилоти «уни ёзма, буни ёз» деяётгани йўқ. Журналист ва блогерларимиз мавжуд муаммоларни дадил кўтариб чиқмоқда», — дейилади Журналистлар уюшмаси хабарида.

«ОАВ вакилларига ҳеч ким, бирон-бир давлат ташкилоти «уни ёзма, буни ёз» деяётгани йўқ. Журналист ва блогерларимиз мавжуд муаммоларни дадил кўтариб чиқмоқда», — деб ёзади ташкилот.

Журналистлар уюшмасига кўра, биргина 2023 йил январь ойида матбуотда ва интернет нашрларида ҳукумат ва маҳаллий бошқарув органлари фаолиятига дахлдор 1300 дан зиёд танқидий материаллар эълон қилини юқоридаги фикрларни тасдиқлайди.

Уюшманинг фикрича, «айни кунларда ҳам мамлакатда матбуот ва сўз эркинлиги таъминланишини янада кучайтириш, бу борада қонунийликни таъминлаш, журналист ва блогерларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлашга қаратилган кенг кўламли ишлар давом эттирилмоқда. Хусусан, янгиланаётган Конституциямизда оммавий ахборот воситалари фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлиши белгилаб қўйилаётгани, Ахборот кодекси лойиҳаси ишлаб чиқилгани бунга яна бир ёрқин мисолдир».

«Бир гуруҳ журналист ва блогерларнинг давлатимиз раҳбарига мурожаат йўллаганининг ўзи ҳам мамлакатимизда сўз эркинлигининг очиқ эканлигидан далолат», — дея хулоса қилади ташкилот.

Журналистлар ва фаолларнинг президентга очиқ мурожаати 3 март куни эълон қилинганди. Унда Мирзиёев ҳокимиятга келиши билан мамлакатда сўз эркинлиги пайдо бўлгани, аммо «яширин цензура» туфайли матбуот ўзлари истаган мавзуни кўтара олмаётгани таъкидланган.

«Ахборот назорати бўйича масъул давлат органи таҳририятлар ва блогерларга ахборотнинг оҳангини, шаклини, характерини ўзгартириш ёки умуман эълон қилмаслик юзасидан босим ўтказишда давом этмоқда», — дейилади мурожаатда.

Шу муносабат билан мактуб муаллифлари Мирзиёевдан «Ўзбекистонда матбуотнинг ҳақиқий мустақиллигини таъминлашда тарихий ёрдам беришни» сўраган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ