Нукус воқеалари чоғида ноқонуний хатти-ҳаракатлари учун уч нафар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходими қўлга олинди

Reuters фотосурати

Нукус воқеалари чоғида орган ходимларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари юзасидан очилган жиноят иши доирасида уч нафар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходими қўлга олинди. Бу ҳақда 9 февраль куни Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати хабар берди.

Қўлга олинганларга нисбатан «Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан» айблов эълон қилинган (бунга аниқлик киритилмаган) ва қамоққа олинган.

Бундан олдин, Бош прокуратура Жиноят ишининг хавфсизлик кучлари томонидан намойишларни бостиришда қурол ва махсус воситалардан фойдаланишига оид қисми алоҳида процессга ажратилганини маълум қилганди.

Назорат органининг маълумотларига кўра, хавфсизлик кучлари асосан 1 июль куни Жўқорғи Кенес (Қорақалпоғистон парламенти) биноси олдида, 2 июль куни эса Нукус шаҳар ИИБ ва аэропорт биноси олдида мазкур стратегик объектларга ҳужумни олдини олиш учун ўқотар қурол ва махсус техникадан фойдаланган.

«Агар ички ишлар органлари ходимлари ўз ваколатларини ошириб, куч ва махсус воситалардан асоссиз фойдаланганликлари аниқланса, уларнинг ҳаракатлари очиқ суд мажлисида кўриб чиқилади», — дейилганди Бош прокуратура хабарида.

Human Rights Watch халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти ноябрь ойида Ўзбекистон хавфсизлик кучлари намойишчиларни тарқатиб юбориш учун асоссиз равишда ўлдирадиган қуроллар ва бошқа жавоб чораларини қўллаганини айтди. HRW Қорақалпоғистондаги воқеалар иштирокчилари ёки гувоҳлари томонидан суратга олинган ва ижтимоий тармоқларда 1 июлдан 1 августга қадар эълон қилинган норозилик намойишлари акс этган 55 та видео ва норозилик намойишлари акс этган яна 31 та видео ва ярадорлар ҳамда махсус техника ва қуроллардан фойдаланиш ҳолатлари акс этган 30 та фотосуратни таҳлил қилиб, мана шундай хулосага келган.

Эслатиб ўтамиз, 1-2 июль кунлари Қорақалпоғистонда Ўзбекистон Конституциясига республикани суверенитетдан маҳрум қилишни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилишига қарши норозилик намойишлари бўлиб ўтганди. Тартибсизликлар пайтида, расмий маълумотларга кўра, 21 киши ҳалок бўлган, 300 га яқин киши, жумладан, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ва ҳарбийлар яраланган. Етказилган моддий зарар миқдори 6,6 миллиард сўмдан ортиқ (596 минг доллардан ортиқ) бўлган.

Жами 171 нафар шахс айбланувчи сифатида жалб этилган. Нукус воқеалари бўйича биринчи суд жараёни 2022 йил 28 ноябрдан 2023 йил 31 январгача бўлиб ўтди. 22 нафар намойишчига нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 11-моддаси: 104 («Қасддан баданга оғир шикаст етказиш»), 159 («Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш»), 164 («Босқинчилик») ва бошқа моддалар билан айбловлар қўйилди.

31 январь куни суд жараёнда иштирок этаётган асосий фигурант, 43 ёшли журналист Даулетмурат Тажимуратовни 16 йилга озодликдан маҳрум қилди. Makan.uz сайти асосчиси Лолагул Қаллиханова уч йиллик синов муддати билан 8 йилга озодликни чеклаш билан боғлиқ жазога ҳукм қилинди. У суд залидан озод қилинди. Уч нафар судланувчига нисбатан озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Қолган айбланувчилар 3 йилдан 8,5 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Иккинчи суд жараёни 6 февраль куни бошланди, унда 39 нафар шахснинг иши кўрилмоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ