Қозоғистон ҳукумати чет эл фуқароларига доимий яшаш учун рухсатнома олиш шартларини кучайтирди

Polisia.kz сайти фотосурати

Қозоғистон ҳукумати мамлакатда доимий яшаш учун рухсатнома бериш шартларини кучайтирди. Энди чет элликлар хорижга чиқиш паспортини тақдим этганда, унинг амал қилиш муддати ариза берилган кунга нисбатан камида 180 календар кунни ташкил қилиши лозим. Бу ҳақда республика Ички ишлар вазирлиги сайти хабар берди.

Вақтинчалик яшаш учун рухсатномани олиш учун уй-жой эгасининг ёки унинг номидан иш юритувчи шахснинг шахсан иштироки ёки мулкдорнинг нотариал тасдиқланган розилиги талаб қилинади. Рухсатнома олиш учун кўрсатилган манзилда рўйхатга олиш коди бўлиши керак.

«Ушбу чора-тадбирлар хорижликларни мавжуд бўлмаган манзилларда, шунингдек, мурожаат этувчига тегишли бўлмаган манзилларда рўйхатдан ўтказиш имкониятини истисно қилиш мақсадида кўрилди», — дея изоҳ беради ИИВ

«Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга Қозоғистон Республикасида вақтинчалик ва доимий прописка қилиш учун рухсатномалар бериш қоидалари»га ўзгартиришлар 6 январдан киритилиб, ўн кундан кейин кучга кирди.

Бундан олдин Қозоғистон ҳукумати талабгир касбларга эга бўлган чет эл фуқаролари учун республикада доимий яшаш учун рухсатнома олишни осонлаштириш режалари ҳақида маълум қилганди. Бундан ташқари, хорижликларнинг кириш тартибига аниқлик киритилди: Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо мамлакатлар фуқаролари Қозоғистонда 180 кунлик муддат ичида 90 кундан ортиқ бўлмаган муддатда қолишлари мумкин бўлади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ