Бухорода «Нукус» иши бўйича иккинчи суд жараёни бошланди, суд мажлисида 39 нафар шахс иши кўрилади

«Нукус» иши бўйича биринчи суд жараёни. Independent Commission_uz Telegram-канали фотосурати

6 февраль куни Жиноят ишлари бўйича Бухоро вилояти судида 2022 йил июль ойи бошида содир бўлган Нукус воқеалари бўйича иккинчи суд жараёни бошланади. Мазкур иш бўйича 39 нафар шахс иштирок этмоқда, деб хабар беради Ўзбекистон Олий суди матбуот хизмати.

Жараённи Қорақалпоғистон Республикаси судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси Даулетбай Разов бошқаради.

Айбланувчиларга мамлакат Жиноят кодексининг беш моддаси бўйича айблов қўйилган:

👉 104 («Қасддан баданга оғир шикаст етказиш»),

👉 166 («Талончилик»),

👉 244 («Оммавий тартибсизликлар»),

👉 244−1 («Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш»),

👉 247 («Ўқотар қуролни, ўқ-дориларни, ўқотар қуролнинг асосий қисмларини, портловчи моддаларни, портлатиш воситаларини ёки портлатиш қурилмаларини қонунга хилоф равишда эгаллаш»).

Барча айбланувчилар ҳибсда.

«Нукус» иши бўйича биринчи суд жараёни 28 ноябрдан 31 январга қадар бўлиб ўтди. Айбланувчилар маҳкамасида 22 киши, жумладан, асосий айбланувчилар – журналист ва блогер Даулетмурат Тажимуратов ва Makan.uz сайти асосчиси Лолагул Каллиханова бор эди. Тожимуратов барча айбловларни қатъиян рад этганига қарамай, у 16 йилга озодликдан маҳрум этилди. Қаллиханова уч йиллик синов муддати билан 8 йилга озодликни чеклаш билан боғлиқ жазога ҳукм қилинди. У суд залидан озод қилинди. Уч нафар судланувчига нисбатан озодликни чеклаш жазоси тайинланган. Қолган айбланувчилар 3 йилдан 8,5 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Нукус воқеалари доирасида 171 нафар одамнинг иши кўрилмоқда. Жиноят ишининг хавфсизлик кучлари томонидан намойишларни бостиришда қурол ва махсус воситалардан фойдаланишига оид қисми алоҳида процессга ажратилган. Ўзбекистон Бош прокуратурасида қайд этилганидек, агар ички ишлар органлари ходимлари ўз ваколатларини ошириб, куч ва махсус воситалардан асоссиз фойдаланганликлари аниқланса, уларнинг ҳаракатлари очиқ суд мажлисида кўриб чиқилади.

Эслатиб ўтамиз, 1-2 июль кунлари Қорақалпоғистонда Ўзбекистон Конституциясига республикани суверенитетдан маҳрум қилишни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилишига қарши норозилик намойишлари бўлиб ўтганди. Тартибсизликлар пайтида, расмий маълумотларга кўра, 21 киши ҳалок бўлган, 300 га яқин киши, жумладан, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ва ҳарбийлар яраланган. Етказилган моддий зарар миқдори 6,6 миллиард сўмдан ортиқ (596 минг доллардан ортиқ) бўлган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ