Нурсултон Назарбоев укасига тегишли қарийб 300 минг гектар ер давлатга қайтарилди

Болат Назарбоев. kaztag.kz сайти фотосурати

Қозоғистон собиқ президентининг укаси Болат Назарбоевнинг шўъба корхоналарига қарашли деярли 300 минг гектар ер давлатга қайтарилди. Бу ҳақда ҳукмрон Amanat партияси ҳузуридаги Давлат бошқарувини ривожлантириш ва коррупцияга қарши курашиш бўйича Республика жамоат кенгаши раиси Ерлан Саиров маълум қилди, деб ёзади Tengrinews.kz.

Унинг аниқлик киритишича, олиб қўйилган 239 минг гектар ер Манғистау вилоятида, яна 60 минг гектар эса Жамбил вилоятида жойлашган.

«Партиямизнинг асосий вазифаси хусусий қўлларга ноқонуний ўтказилган миллий бойликларни давлатга қайтаришдир. Бу ишларни тизимли равишда олиб борамиз. Фамилиянинг «зодагонлиги», ўтмишдаги хизматлари ва ҳамённинг қалинлиги адолатни тиклашга тўсқинлик қилолмайди. Халқдан тортиб олинганми? Қайтариб берасиз», — дейди Саиров.

Айни пайтда Sputnik-Казахстан Телеграм канали Саировнинг сўзларига кўра, қанча ер давлат мулкига қайтарилганини кўрсатишга қарор қилган. «Оддий ҳисоб-китоблар шуни кўрсатадики, 300 минг гектар 3 минг квадрат километрни ташкил қилади. Масалан, Остона майдони 722 (баъзи манбаларга кўра, 800 га яқин) квадрат километрни ташкил этади. Бу математика», — деб ёзади канал муаллифлари.

Аввалроқ Бош прокуратура билан ҳамкорликда 244 гектардан иборат 59 та ер участкаси аниқланган бўлиб, уларнинг эгаси «шубҳали йўллар билан Болат Назарбоев бўлиб чиққан», — дейилади Amanat партияси матбуот хизмати хабарида. Гап Каскелен ва Талгар шаҳарлари, Туркистон вилояти ва Остонадаги ер участкалари ҳақида бормоқда. Ҳужжатларга кўра, бу ерлар коттеж, маъмурий бино ва бозор қуриш учун сотиб олинган. Унинг нархи, қозоқ матбуотига кўра, юзлаб миллион долларга баҳоланмоқда.

Болат Назарбоев Қозоғистонсобиқ президенти Нурсултон Назарбоевнинг укаси, 1953 йил 23 мартда туғилган. Меҳнат фаолиятини 1988 йили «Шамалған» совхозида механизатор, директор ўринбосари сифатида бошлаган. Ўтган йиллар давомида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланган, «Инкар Агро» МЧЖ вице-президенти бўлган. 1997 йилдан BN Invest холдинг директори.

2020 йили Болат Назарбоев жамғармаси COVID-19 га қарши курашиш учун 150 миллион тенге (325 минг доллар) ажратган. Шунингдек, у «Қазақстан халқына» жамғармасига 1 миллиард тенге (2 миллион доллардан ортиқ) хайрия қилгани маълум қилинган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ