Ўзбекистонда мактаб битирувчиларига шаҳодатномалар фақат электрон шаклда берилади

podrobno.uz сайти фотосурати

Жорий ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистонда умумтаълим мактаблари битирувчилари шаҳодатномаларни фақат электрон шаклда оладилар. Бу ҳақда Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг биринчи ўринбосари Усмон Шарифхўжаев маълум қилди.

Мулозимнинг сўзларига кўра, ўтган йили аттестат дубликатини масофадан олиш хизмати йўлга қўйилган ва бугунга қадар 20 минг нафар фуқаро ортиқча овворагарчиликсиз, олдинлари каби югуриб юрмай бу хизматдан фойдалана олган. Жорий йилдан бошлаб эса, шаҳодатномани электрон шаклда бериш амалиёти йўлга қўйилади.

Шарифхўжаевга кўра, шаҳодатнома олиш жараёнида ортиқча қоғозбозлик ва бюрократик тўсиқларга имкониятлар қолмайди ва қоғоз кўринишидаги махсус шаҳодатнома бланкаларидан воз кечилади.

Электрон аттестатда QR-код бўлади, уни исталган вақтда электрон платформа орқали текшириш ёки ҳужжат йўқолган тақдирда дубликат олиш билан овора бўлмасдан дарҳол электрон маълумотлар базасидан қайта юклаб олиш мумкин бўлади.

Янги турдаги шаҳодатнома билим ва кўникмаларни баҳолаш агентлигининг (собиқ Давлат тест маркази) ABITUR дастури орқали онлайн тарзда олий таълим муассасасига ҳужжатларни топширишни осонлаштиради, деб таъкидлайди Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги. Битирувчилар тўғрисидаги маълумотларнинг шаффофлиги ва ишончлилигини таъминлаш мақсадида дастур Адлия вазирлигининг ФҲДЁ бўлимлари ва Персоналлаштириш агентлиги тизими билан интеграция қилинади.

Шу билан бирга, e-shahodatnoma.uz электрон аттестация платформаси ишлаб чиқилиб, тегишли вазирлик ва идораларнинг электрон маълумотлар базасига интеграция қилинмоқда, дея қўшимча қилди вазирлик.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ