Тошкентнинг 73 та марказий кўчасида автобуслар учун махсус йўлаклар пайдо бўлади

Ўзбекистон ИИВ ЙХХХ видеосидан кадр

Тошкент шаҳрининг 73 та марказий кўчасида автобуслар учун алоҳида йўлаклар ажратилади. Бу ҳақда 31 январь куни Шавкат Мирзиёев ўтказган жамоат транспортининг янги тизимини жорий этиш масалаларига бағишланган йиғилишда маълум қилинди, деб хабар берди Ўзбекистон президенти матбуот хизмати.

«Алоҳида йўлаклар»нинг яратилиши автобусларнинг ўртача тезлигини 1,5 баробар ошириш ва ҳаракат жадвалига риоя қилиш имконини беради. Келгусида вилоятларда алоҳида автобус йўлаклари пайдо бўлади.

Йиғилишда Мирзиёев жамоат транспорти тизимини танқид қилди. Хусусан, транспорт корхоналари кунлик тушум режасини бажаришга боғланиб қолгани боис автобуслар куннинг «энг даромадли» пайтида ҳаракатланишга одатланиб қолган. Қолган вақтда йўловчилар узоқ кутиш ёки таксида юришга мажбур.

Президент жамоат транспорти аҳоли учун қулай, тадбиркорлар учун жозибадор бўлиши кераклигини таъкидлади. Бунинг учун дастлаб Тошкент, Самарқанд, Андижон ва Урганчда, келгуси йилда бошқа вилоят марказлари ва Нукусда соҳадаги вазиятни ўзгартиришга қарор қилинди.

Мирзиёев маҳаллий аҳоли ўртасида сўровномалар ўтказиш орқали аҳоли талабларини инобатга олган ҳолда барча автобус йўналишларини кўриб чиқишни топширди.

Кунлик тушум режасини белгилаш амалиёти бекор қилинади.

Ташувчиларга маблағлар автобуснинг юрган масофаси ва одамлар хизмат сифатидан қониқишига қараб берилади. Хизмат сифатига автобусдаги қулайликлар ва санитар ҳолат, кеч қолмасдан бекатга етиб келишига қараб баҳо берадиган тизим бўлади.

Йиғилишда транспорт паркини тизимли равишда янгилаш муҳимлиги таъкидланди. Хусусан, эндиликда жамоат транспорти йўналишлари бўйича очиқ тендерда автобусларнинг янгилик даражаси асосий мезон этиб белгиланади. Ташувчиларга тўланадиган маблағларни шакллантиришда ҳар йили автобусларнинг 20 фоизини янгилаб бориш харажатлари кўзда тутилади.

Бундан ташқари, тадбиркорлар олиб келган янги автобуслар бўйича қўшилган қиймат солиғини бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат берилади. Автобуслар сотиб олиш учун 10 йилгача муддатга имтиёзли кредит берилади.

Вилоятлар ҳокимларига ўз ҳудудида пойтахтдагидек каби транспорт инфратузилмасини яхшилаш бўйича манзилли дастурни тасдиқлаб, амалга оширишни бошлаш топширилди. Бунда йўл ва чорраҳаларда жамоат транспортига устуворлик бериш, бекатларда аҳоли ва тадбиркорларга шароит яратиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ