Нукусда содир бўлган воқеалар бўйича суд ҳукми эълон қилинди

Даулетмурат Тажимуратов ва Лола Каллихонова. Independent Commission_uz Telegram-канали фотосурати

31 январь куни Жиноят ишлари бўйича Бухоро вилоят суди 2022 йил июль ойи бошида Нукусда содир бўлган воқеалар бўйича суд ҳукмини эълон қилди.

Суд жараёнида иштирок этган асосий фигурант, «Ел хызметинде» газетасининг собиқ бош муҳаррири, 43 ёшли Даулетмурат Тажимуратов 16 йилга озодликдан маҳрум этилди (прокуратура 18 йил талаб қилган). Шунингдек, у 228,8 миллион сўм (20,2 минг доллар) миқдоридаги зарарни тўлаши керак.

Gazeta.uz хабарига кўра, Тожимуратов Жиноят кодексининг беш моддаси бўйича айбдор деб топилган:

▶️ 159-модданинг 4-қисми («Ҳокимиятни босиб олиш ёки Ўзбекистон Республикаси конституциявий тузумини ағдариб ташлаш мақсадида фитна уюштириш»);

▶️ 167-модда 3-қисмининг «а» банди («Кўп миқдорда ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш»);

▶️ 243-модда («Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш»);

▶️ 244-модданинг 3-қисми («Қурол ёки қурол сифатида фойдаланиладиган бошқа нарсаларни ишлатиб ёхуд ишлатиш билан қўрқитиб шахсга нисбатан зўрлик ишлатиш, қирғин солиш, ўт қўйиш, мулкка шикаст етказиш ёки уни нобуд қилиш, ҳокимият вакилига қаршилик кўрсатиш орқали содир этилган оммавий тартибсизликлар ташкил қилиш, шунингдек, оммавий тартибсизликларда фаол қатнашиш»);

▶️ 244-1-модданинг «а, б, д» бандлари («Олдиндан тил бириктириб ёки бир гуруҳ шахслар томонидан; хизмат мавқеидан фойдаланиб; оммавий ахборот воситаларидан ёхуд телекоммуникация тармоқларидан, шунингдек Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиб содир жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид солувчи материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш»).

Makan.uz сайти асосчиси Лолагул Қаллиханова (1989 йилда туғилган) уч йиллик синов муддати билан 8 йилга озодликни чеклаш билан боғлиқ жазога ҳукм қилинди (прокурор унга 11 йил қамоқ жазосини сўраган). У суд залидан озод қилинди.

Ўзбекистон Олий суди матбуот хизмати хабарига кўра, уч нафар судланувчига нисбатан озодликни чеклаш жазоси тайинланган, шунингдек, суд залидан озод этилган. Булар Азамат Турданов (4 йил 5 ой 5 кунлик озодликни чеклаш), А. Нуратдинов (4 йил 5 ой 17 кун), А. Сметуллаев (4 йил 5 ой 8 кун). Яна бир айбланувчи Бердах Генжебаевнинг эркинлиги беш йилга чекланган.

Қолган айбланувчилар 3 йилдан 8,5 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Маҳкумларнинг жазо муддатлари қамоққа олинган кундан бошлаб ҳисобланади.

Судья Елубай Абибуллаев ҳукмни ўқимоқда. Ўзбекистон Олий суди матбуот хизмати фотосурати

Нукус воқеалари бўйича суд 28 ноябрь куни бошланди. Айбланувчилар курсисида 22 киши бор эди. Ўзбекистон Жиноят кодексининг жами 11 моддаси бўйича айблов қўйилган. Жумладан, 104 («Қасддан баданга оғир шикаст етказиш»), 159 («Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш», 164 («Босқинчилик») ва бошқалар. Жами 171 нафар шахс айбланувчи сифатида жалб этилган.

Эслатиб ўтамиз, 1-2 июль кунлари Қорақалпоғистонда Ўзбекистон Конституциясига республикани суверенитетдан маҳрум қилишни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилишига қарши норозилик намойишлари бўлиб ўтганди. Тартибсизликлар пайтида, расмий маълумотларга кўра, 21 киши ҳалок бўлган, 300 га яқин киши, жумладан, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ва ҳарбийлар яраланган. Етказилган моддий зарар миқдори 6,6 миллиард сўмдан ортиқни (596 минг доллардан ортиқ) ташкил этган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ