Тошкент шаҳрининг собиқ ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев сенаторлар рўйхатидан чиқарилди

Kun.uz сайти фотосурати

Тошкент шаҳрининг собиқ ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев Олий Мажлис Сенати (Ўзбекистон парламенти юқори палатаси) аъзолари рўйхатидан чиқарилди. Бу ҳақда Марказий сайлов комиссияси хабар берди.

«Тошкент шаҳридан сайланган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Жахонгир Артикходжаевнинг Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати сифатида ваколатлари муддатидан илгари тугатилганлиги муносабати билан ҳамда Сенат аъзоси сифатида ўз ваколатларини зиммасидан соқит қилиш ҳақида берган ёзма аризасига мувофиқ унинг сенаторлик ваколати муддатидан илгари тугатилган деб ҳисоблансин», — дейилади хабарда.

Ортиқхўжаев 16 январь куни қиш мавсумига тайёргарлик кўрмагани, шунингдек, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, «қуруқ гап билан, ёлғон «сводка» билан пастга тушмагани учун, ноинсоф, оёғи ердан узилгани учун» ҳокимлик лавозимидан озод этилган эди.

27 январь куни собиқ ҳоким шаҳар Кенгаши депутати лавозимидан муддатидан олдин истеъфога чиқди, бу эса «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатининг ва Сенати аъзосининг мақоми тўғрисида»ги қонуннинг 4-моддасига мувофиқ сенаторлик ваколатларининг тугатилишига олиб келади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ