Озарбайжоннинг Azal авиакомпанияси ва Россиянинг «Азимут» авиакомпанияси Ўзбекистон шаҳарларига янги йўналишларни очди. Бу ҳақда Uzbekistan Airports матбуот хизмати хабар берди.
Azal самолёти 28 январь куни соат 22:33 да Урганчга қўнди. Янги парвоз йўналишини (Боку-Урганч-Боку) очган Аirbus A319 борти терминалда тантанали равишда кутиб олинди. Ушбу йўналиш бўйича мунтазам парвозлар ҳафтада бир марта — шанба кунлари амалга оширилади.
Урганч Озарбайжон авиаташувчиси парвоз қила бошлаган Ўзбекистондаги тўртинчи шаҳар бўлди. Бокудан Тошкентга парвозлар мунтазам равишда пайшанба ва якшанба кунлари, Самарқандга сешанба ва пайшанба кунлари, Фарғонага пайшанба кунлари амалга оширилади.
Россиянинг «Азимут» авиакомпаниясининг Сочи – Бухоро йўналиши бўйича биринчи рейси 30 январь куни маҳаллий вақт билан 00:40 да Ўзбекистон аэропортига қўнди. Экипаж ва йўловчилар карнай ва сурай садолари остида тантанали равишда кутиб олинди.
Сочи — Бухоро — Сочи йўналиши бўйича чартер рейслари Sukhoi Superjet 95 самолётида ҳафтада бир марта — якшанба кунлари амалга оширилади.
Мунтазам асосда «Азимут» самолётлари Минералние Водидан Тошкент, Самарқанд, Қарши, Навоий, Урганч, Бухоро халқаро аэропортларига парвоз қилади, Фарғона ва Наманганга чартер рейслари амалга оширилади. Бундан ташқари, Россия авиаташувчиси Тошкент ва Самарқандни Москвага мунтазам қатновлар билан боғлайди.
ℹ️ Озарбайжон Ҳаво Йўллари (Azal) 1992 йилда ташкил этилган ва Бокуда жойлашган. Флот Boeing ва Airbus самолётларидан иборат. 2021 йил октябрь ҳолатига кўра, авиаташувчи дунёнинг 25 га яқин давлатида 40 та йўналишга, жумладан Нью-Йорк, Пекин, Москва, Дубай, Истанбул, Лондон, Тбилиси ва бошқа шаҳарларга парвозларни амалга оширди.
ℹ️ «Азимут» авиакомпанияси 2017 йили ташкил этилган бўлиб, у Ростов-Дон ва Краснодарда жойлашган. Фаолиятининг дастлабки тўрт йилида ташувчи юздан ортиқ йўналишларни, жумладан, ички ва халқаро йўналишларни очди ва 5 миллиондан ортиқ йўловчини ташиди. Самолёт парки 15 та «Сухой Суперджет 100» самолётидан иборат.