Ўзбекистонлик гроссмейстер Нодирбек Абдусатторов Голландиядаги турнирда иккинчи ўринни эгаллади

Нодирбек Абдусатторов. Фото: Tata Steel Chess / Jurriaan Hoefsmit

Ўзбекистонлик 19 ёшли гроссмейстер Нодирбек Абдусатторов Голландиянинг Вейк-ан-Зее шаҳрида ўтказилган Tata Steel Chess турнирида иккинчи ўринни эгаллади.

Мусобақанинг сўнгги 13-турига келиб Абдусатторов 8 очко билан турнир жадвалида пешқадамлик қилаётган бўлса-да, якуний учрашувда кутилмаганда турнир аутсайдерларидан бири, голландиялик Жорден Ван Форестга ютқазиб қўйди. Параллел кечган баҳсда яна бир голландиялик гроссмейстер Аниш Гири венгриялик Ричард Раппортни мағлуб этиб, 8,5 очко жамғариб, чемпион бўлди.

Мусобақада учинчи ўринни норвегиялик Магнус Карлсен эгаллади, у ҳам худди Абдусатторов каби 8 очко жамғарган бўлса-да, юзма-юз учрашувда ўзбекистонлик футболчига имкониятни бой бериб қўйди.

Tata Steel Masters турнири 14-29 январь кунлари давра тизимида ўтказилди. Мусобақада 14 нафар шахматчи иштирок этди.

2021 йили Нодирбек Абдусатторов рапида бўйича тарихдаги энг ёш жаҳон чемпионига айланди. У 2022 йили Ўзбекистон терма жамоаси таркибида шахмат олимпиадасида ғолиб чиқди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ