Тошкентда Human.uz нашри директори ва бош муҳаррири қўлга олинди

Хуршид Далиев (ўртада) ва Муслим Мирзажонов (ўнгда)."Газета.uz" сайти фотосурати

27 январь куни эрталаб Human.uz интернет нашри директори Хуршид Далиев ва бош муҳаррири Муслим Мирзажонов Тошкентда қўлга олинди. Уларни қўлга олган шахслар ўзларини «орган ходимлари» деб таништирган, деб хабар беради нашр ўзининг Telegram-каналида.

Журналистлар Тошкент давлат аграр университети биносида жойлашган офисдан олиб кетилган. Офис эшиклари синдирилиб, тинтув ўтказилган. Human.uz сайти офиси Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Қуйи Чирчиқ тумани бўлими суриштирувчиси Э. Абламуродов имзоси билан муҳрланган. Human.uz хабар беришича, нашрнинг сайти блокланган, лекин у ҳамон очилмоқда.

Нашр ходимлари «тўсатдан ва ҳеч қандай огоҳлантиришсиз олиб кетилган» раҳбарларининг аҳволидан хавотирда. Улар билан ҳеч қандай алоқа йўқ.

«Таҳририят ушбу ҳолатни Ўзбекистон Республикаси Президенти сиёсатига мутлақо зид ва сўз эркинлигига таҳдид деб ҳисоблайди», — дейилади Human.uz хабарида.

Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Human.uz интернет нашри журналистларининг қўлга олиниши билан боғлиқ вазиятдан хавотирда эканини билдирди.

«Ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ушбу масала бўйича изоҳ берилишини кутамиз ҳамда журналистлар хавфсизлиги, шуниндек, уларнинг профессионал фаолиятига қонуний муносабатда бўлиниши таъминланишини сўраймиз», — дейилади фонд мурожаатида.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ