Ўзбекистонда камбағалликка қарши курашга Хитойдан мутахассислар жалб қилинади

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Ўзбекистон аҳолисининг турмуш даражасини ошириш учун ҳукумат камбағалликка қарши курашда катта тажрибага эга Хитойдан мутахассисларни жалб қилади. Улар камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигига барча ҳудудларда амалий ишларни ташкил этиш ва 2023 йилга мўлжалланган бандлик дастурини яратишда ёрдам беради. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 25 январь куни бўлиб ўтган йиғилишда маълум қилди, дея хабар беради унинг матбуот котиби Шерзод Асадов.

ℹ️ Эслатиб ўтамиз, 2021 йил февраль ойида Хитой раҳбари Си Цзиньпин камбағалликка қарши курашда Хитой расмийларининг тўлиқ ғалаба қозонганини эълон қилганди. Ўша йили Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда 4-5 миллион киши ёки аҳолининг 12-15 фоизи қашшоқлик чегарасида яшаётганини таъкидлаган эди. У камбағалликни қисқартириш дастурини ишлаб чиқиш бўйича топшириқ берди, унда иш ҳақи ва нафақаларни инфляциядан олдин ошириш, тадбиркорлик фаолиятини рағбатлантириш назарда тутилиши керак. 2022 йил февралида Си ва Мирзиёев камбағаллик ва коррупцияга қарши кураш бўйича Хитой тажрибасини Ўзбекистонда жорий этишга келишиб олдилар.

25 январь куни бўлиб ўтган йиғилишда камбағалликни камайтириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама қилинди. Мирзиёев Ўзбекистонда камбағалликни қисқартириш давлат сиёсати даражасига кўтарилганини эслатди.

Бу йўналишдаги аниқ манзилли ишлар натижасида 2022 йили камбағаллик даражаси 17 фоиздан 14 фоизга камайди, бир миллион киши ундан чиқарилди.

ℹ️ 2022 йил январь ойидан бошлаб Ўзбекистонда камбағаллик чегараси ҳар бир киши учун ойига 498 минг сўм (46 доллар) ёки кунига 16,6 минг сўм (1,53 доллар) этиб белгиланди.

Ўзбекистон президенти 2023 йили 5 миллион кишини иш билан таъминлаш ва 2 миллион доимий иш ўрни яратиш зарурлигини маълум қилди. Мирзиёев ўз кўрсатмалари қандай амалга оширилишига мисол тариқасида ярим миллионга яқин иш ўрни яратиш режалаштирилган Андижон вилоятини келтирди.

«Мисол учун, Андижон вилояти жорий йилда инвестиция лойиҳалари ҳисобига 40 мингта, пахта ва ғалладан бўшаган ерларни аҳолига бўлиб бериш ҳисобига 75 мингта ва мавсумий ишлар орқали 200 мингта, маҳаллаларда микромарказлар ташкил этиш, саноат зоналарида ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва марказий кўчаларни хизматларга ихтисослаштириш, савдо-сервис объектларини барпо этиш ҳисобидан 135 мингта; оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида ажратиладиган кредитлар ҳисобидан 20 мингта иш ўринлари яратишни режа қилган», — деди президент.

Мирзиёев оилавий тадбиркорликни рағбатлантириш учун ажратилаётган маблағлар кўпайишини маълум қилди. 2022 йили бунинг учун қарийб 10 триллион сўм (893 миллион доллар) имтиёзли кредитлар ажратилган бўлса, жорий йилда бу миқдор 12 триллион сўмга (1 миллиард доллардан ортиқ) етказилади. Бундай кредитларнинг максимал миқдори ҳам ошади: тадбиркорлар учун – ҳозирги 225 миллион сўмдан 300 миллион сўмгача (деярли 27 минг долларгача), фермерлар учун – 33 миллион сўмдан 50 миллион сўмгача (тахминан 4,5 минг доллар).

Президент қишлоқ хўжалигини яна бир муҳим бандлик манбаи деб атаган ҳолда, аҳолига қулай жойлардан томорқалар ажратиш, бозорда харидоргир маҳсулотлар етиштиришни йўлга қўйиш бўйича кўрсатмалар берди. Бу ерлардан самарали фойдаланиб, 1 миллиард долларлик маҳсулот ишлаб чиқариш мумкин, деди Мирзиёев.

2022 йил якунига кўра, Ўзбекистоннинг туман ва шаҳарлари иқтисодий салоҳияти ва тадбиркорликни ривожлантириш шартларига кўра беш тоифага бўлиниши маълум қилинганди. Президент 25 январь куни бўлиб ўтган йиғилишда тўртинчи ва бешинчи тоифадаги ҳудудларда камбағалликни камайтириш бўйича янги иш тизимини маълум қилди. У уч босқичдан иборат бўлади:

👉 биринчи босқичда «темир дафтар», «ёшлар дафтари» ва «аёллар дафтари» ягона тизимга бирлаштирилиб, ҳар бир оиланинг ягона рақамли паспорти ишлаб чиқилади;

👉 иккинчи босқичда ҳар бир оилани камбағалликдан чиқариш бўйича индивидуал дастурлар тузилади;

👉 учинчи босқичда оила учун касб-ҳунарга ўқитиш, тадбиркорлик лойиҳаси амалга оширилади.

Шу мақсадда 300 та маҳаллада микромарказлар ташкил этилган. Президент бундай марказларни кўпайтириш, ишсиз аҳолининг ҳунармандчилик ва тадбиркорлик билан шуғулланиши учун шароит яратиш муҳимлигини таъкидлади. Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигига Савдо-саноат палатаси билан биргаликда ҳар бир туман бўйича тадбиркорликни ривожлантириш дастурини ишлаб чиқиш топширилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ