Энергетика вазирлиги: «Газпром» билан имзоланган ҳужжат Ўзбекистон суверенитетига таҳдид қилмайди

ТАСС фотосурати

24 январь куни Ўзбекистон Энергетика вазирлиги ва Россиянинг «Газпром» компанияси раҳбарлари томонидан имзоланган газ соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш бўйича «йўл харитаси» республика суверенитетига таҳдид солмайди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

«Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, олиб борилган музокаралар ҳамда «Йўл харитаси»да Ўзбекистон Республикасининг мавжуд газ транспорти тизимига эгалик ҳуқуқини тўлиқ сақлаган ҳолда (бошқарув ҳуқуқини тўлиқ сақлаган ҳолда) ички бозорга табиий газ зарур миқдорларда етказиб бериш мақсад қилинган. Бунда газ транспорт тизими кимгадир берилиши ёки суверенитетимизга қандайдир таҳдид умуман йўқ», — дейилади хабарда.

Энергетика вазирлиги келгусида бу борадаги барча ишлар Ўзбекистон миллий манфаатлари тўлиқ ҳимояланган ҳолда амалга оширилиши ва унинг натижалари доимий равишда жамоатчилик эътиборига ҳавола этилишига ишонтирди.

Вазирликнинг тушунтиришича, «Газпром» билан музокаралар чоғида Ўзбекистонга Россия газини етказиб беришнинг техник имкониятлари муҳокама қилинган.

«Имзоланган «Йўл харита»га мувофиқ томонлар ўртасида тузилган Ишчи гуруҳ Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳудудидан ўтувчи «Ўрта Осиё – Марказ» газ қувури орқали газ транзитини амалга ошириш учун зарур бўладиган техник чора-тадбирларни ва ўрганиш келишиб олинди. Ишчи гуруҳ техник жиҳатдан барча ишларни якунлагандан сўнг, табиий газни етказиб бериш бўйича асосий шартлар муҳокама қилинади», — деб хабар беради Энергетика вазирлиги.

2022 йил ноябрь ойи охирида Россия раҳбарияти Ўзбекистон ва Қозоғистон билан «уч томонлама газ иттифоқи» тузиш ниятида экани маълум бўлди. Марказий Осиё республикалари уларга ҳеч қандай аниқ таклиф тушмагани ҳақида хабар беришди. Кейинроқ Қозоғистон Украинада «махсус ҳарбий операция» бошланганидан кейин Россия Федерациясига нисбатан жорий қилинган санкцияларни четлаб ўтиш учун ўз ҳудудидан фойдаланишга рухсат бермаслигини маълум қилди. Ўзбекистон Россия билан қандайдир альянс ёки иттифоқ доирасида эмас, балки тижорат шартномалари асосида ҳамкорлик қилишга тайёрлигини таъкидлади.

Кремлнинг таъкидлашича, газ иттифоқи ғояси ҳеч қандай сиёсий шартларни назарда тутмайди, у фақат иштирокчи мамлакатлар манфаатларига мувофиқ ҳаракатларни мувофиқлаштиришдан иборат. Кейинроқ РФ Ташқи ишлар вазири ўринбосари Михаил Галузин Остона ва Тошкент Москва билан газ иттифоқини тузиш бўйича қўшма ҳаракатларга тайёрлигини, чунки бу ғоя «уларни қизиқтираётганини» айтди. Унинг таъкидлашича, ушбу ғояни амалга ошириш учун «ҳеч қандай жиддий тўсиқлар йўқ», бироқ, биринчи навбатда экспертлар даражасида кўплаб тизимли ишлар талаб этилади ва «бу уч мамлакатнинг ваколатли вазирликлари томонидан амалга оширилмоқда».

Жорий йилнинг январь ойида «Gazeta.uz» ўз манбаларига таяниб, Тошкент билан олиб борилган икки томонлама музокараларда Москванинг асосий шарти Ўзбекистон газ узатиш тизимини бозор қийматида «Газпром»га ўтказиш бўлгани ҳақида хабар берганди. Иккинчи шарт «Газпром»га Хитойга газ экспорт қилиш ҳуқуқини бериш бўлган. Аммо Ўзбекистон томони охир-оқибат ушбу шартларни олиб ташлашга муваффақ бўлган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ