Тошкент шаҳрининг бир қатор маҳаллалари когенераторлар ёрдамида иситилади ва ёритилади

7dach.ru сайти фотосурати

Тошкент шаҳрининг 11 та туманида маҳаллалар танлаб олиниб, уларда тажриба тариқасида электр ва иссиқлик энергиясини параллел ишлаб чиқариш ускуналари – когенераторлар ўрнатилади. Бу ҳақда Ўзбекистон ҳукумати қарор чиқарди.

Энергетика ва Ташқи ишлар вазирликларига бир ҳафта муддатда хорижий ускуналар ишлаб чиқарувчилари билан алоқа ўрнатиш ҳамда уларни етказиб бериш ва техник таъминлаш бўйича Вазирлар Маҳкамасига тижорат таклифларини киритиш топширилди.

Когенератор – ихчам, юқори самарали иссиқлик электр станциясидир. Когенерация билан электр ва иссиқлик ишлаб чиқариш жараёни параллел равишда олиб борилади. Когенератор электр станцияси энергиянинг икки тури: иссиқлик ва электр энергиясини ишлаб чиқариш учун бирламчи энергия манбаигаздан юқори самарали фойдаланишни таъминлайдиган тизимдир. Бошқача қилиб айтганда, когенерацияли ускуна одатда исроф қилинаётган иссиқликдан фойдаланишга имкон беради.

Когенераторларни харид қилиш Тошкент шаҳар бюджетининг қўшимча манбалари ҳисобидан молиялаштирилади. Олинган иссиқлик ва электр энергияси истеъмолчиларга амалдаги тарифлар бўйича етказиб берилади.

Қуйидаги маҳаллаларда когенераторлар ўрнатилади:

➡️ «Ш.Рашидов» (Миробод тумани);

➡️ «Оқтепа» (Чилонзор);

➡️ «Султония» (Мирзо-Улуғбек);

➡️ «Шайхонтохур» (Шайхонтохур);

➡️ «Аҳилобод» (Юнусобод);

➡️ «Бошлиқ» (Яккасарой);

➡️ «Ўзгариш» (Сергели);

➡️ «Бешқўрғон 1» (Олмазор);

➡️ «Тузел» (Яшнобод);

➡️ «Бирлик» (Учтепа);

➡️ «Чароғон» (Янгиҳаёт).

Когенерация ускуналари ёрдамида юқорида санаб ўтилган маҳаллалардаги жами 236 та кўп қаватли уй, 14 та болалар боғчаси ва бешта мактаб қўшимча иссиқлик ва электр энергияси билан таъминланиши кутилмоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ