Ўзбекистонда хусусий авиакомпаниялар қататорига Centrum Air қўшилди

centrum-air.com сайти фотосурати

Ўзбекистонда — Centrum Air деб номланувчи янги хусусий авиакомпания пайдо бўлди. Бу ҳақда авиаташувчи биринчи самолётни қабул қилиб олгани ҳақида Uzbekistan Airports матбуот хизмати маълум қилди.

Янги авиакомпаниянинг иккита самолёти 18 январь куни кечқурун «Тошкент» халқаро аэропортига келиб қўнди. Улар Вильнюсдан (Литва) келишган. Самолётларни авиакомпания раҳбарияти, журналистлар ва ҳаво кузатувчилари тантанали равишда кутиб олди.

«Иккита Airbus A320-232 Centrum Air компаниясининг биринчи йўловчи самолёти бўлди. Яқин келажакда авиаташувчи яна бир йўловчи борти — Boeing 737 ни сотиб олишни режалаштирмоқда», — деб хабар беради Uzbekistan Airports.

Aerospace Lad Telegram-каналининг хабар беришича, янги авиаташувчи 2019 йил охирида ташкил этилган ва Тошкентда жойлашган My Freighter юк компаниясининг шўъба корхонаси ҳисобланади.

Centrum Air Ўзбекистондаги биринчи арзон авиакомпания сифатида ўзини намоён қилади. Режалаштирилган йўналишлар орасида Бангкок, Жидда, Дубай, Деҳли, Сеул шаҳарлари бор.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йилгача Uzbekistan Airways МАК Ўзбекистондаги ягона авиаташувчи бўлган. Давлат Туризм қўмитаси 2018 йили МАКнинг монопол позициясини танқид қилганидан сўнг, президент Шавкат Мирзиёев авиакомпанияни қайта ташкил этиш ва рақобат муҳитини яратиш бўйича кўрсатма берганди.

2021 йили Ўзбекистонда илк хусусий Qanot Sharq авиаташувчиси парвоз қила бошлади. Шу билан бирга, Uzbekistan Airports давлат акциядорлик компаниясининг шўъбаси Silk Avia ва хусусий Panorama Airways авиакомпанияси ташкил этилди (компания 2022 йил ноябрь ойида авиаоператор сертификатини олган). 2022 йил апрель ойида Fly Khiva авиакомпанияси, декабрь ойида эса Air Samarkand авиакомпаниясининг тақдимоти бўлиб ўтди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ