Сингапурнинг Indorama компанияси «Фарғонаазот»ни харид қилиш бўйича тендерда ғолиб чиқди

Давактив агентлиги матбуот хизмати фотосурати

«Фарғонаазот» АЖ устав капиталидаги 99,02 фоиз давлат улушини сотиб олиш бўйича ўтказилган тендерда Indorama Corporation Pte. Ltd (Сингапур) компанияси ғолиб чиқди. Бу ҳақда Ўзбекистон Давлат активларини бошқариш агентлиги матбуот хизмати хабар берди.

«Фарғонаазот» акциядорлик жамиятини хусусийлаштириш жараёни 2021 йил декабрь ойида бошланган. 10 нафар талабгор давлат улушини сотиб олишга қизиқиш билдирган. Мурожаатлар кўриб чиқилгач, Indorama компаниясининг таклифи энг яхши деб топилди, унда сотиб олиш нархи 140 миллион доллар (130 миллион доллар ва 107 миллиард сўм) миқдорида белгиланган. Шунингдек, корхонани модернизация қилиш учун 100 миллион доллар сармоя киритиш мажбуриятини олади.

«Минерал ўғитларнинг йирик халқаро ишлаб чиқарувчилардан бири бўлган Indorama Corporation Pte. Ltd., Корхона ишлаб чиқариш қувватларининг умумий эскириши бугунги кунда 80% дан ортиқ бўлган ҳозирги аҳволда уни мукаммал модернизация қилишга эришиши кутилмоқда»— дейилади хабарда.

Инвестор корхонанинг барча мавжуд ижтимоий дастурларини, ходимларнинг сони ва иш ҳақи даражасини сақлаб қолиш, ходимларни ўқитишни ташкил этиш ва замонавий экологик назорат дастурини ишлаб чиқиш мажбуриятини олади.

Агентлик таъкидлаганидек, «Фарғонаазот» акциядорлик жамиятининг давлат улушини сотиш бўйича битимнинг тўлиқ ёпилиши «корхонани табиий газ билан таъминлаш ва унинг маҳсулотлари учун эркин бозор яратиш бўйича масалаларни тегишли меъёрий ҳужжатларда тартибга солиш билан ҳал қилингандан кейин амалга оширилади».

«Фарғонаазот» 1962 йили ташкил этилган. Ўрта Осиёда минерал азотли ўғитлар, дефолиантлар ва целлюлоза асетатлар ишлаб чиқарувчи йирик корхоналардан бири ҳисобланади. Корхонанинг умумий ишлаб чиқариш қуввати йилига 2,8 миллион тонна ўғитни ташкил этади. Фарғонаазот маҳсулотларининг асосий импортёрлари Россия, Тожикистон, Афғонистон, Туркманистон, Қирғизистон ва Хитойдир.

Ўзбекистонда кимё саноати корхоналарини, жумладан, «Фарғонаазот»ни сотишга уриниш 2005 йили бошланган, бироқ активлари давлат ихтиёрида қолган.

2019 йили Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев «Ўзкимёсаноат» акциядорлик жамиятининг кимё саноатидаги йирик хўжалик компаниялари, жумладан, «Фарғонаазот» акциядорлик жамиятининг устав капиталидаги улушларини барқарорлаштириш шарти билан сотиш тўғрисидаги қарорни имзолаганди.

2021 йил январь ҳолатига кўра, «Ўзкимёсаноат» акциядорлик жамиятининг «Фарғонаазот»даги улуши 49,87 фоиз, давлат улуши 49,15 фоиз (жами – 99,02 фоиз), қолган 0,98 фоизи жисмоний шахсларга тегишли бўлган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ