Uzbekistan Airways одам савдосига қарши кураш лойиҳасига қўшилди

migranty.org сайти фотосурати

Uzbekistan Airways «Марказий Осиёда хавфсиз миграция» лойиҳасига аъзо бўлди. Бу ҳақда авиакомпания матбуот хизмати хабар берди.

Лойиҳа АҚШ Халқаро Тараққиёт Агентлиги (USAID) томонидан молиялаштирилади ва одам савдосига қарши кураш дастурларини амалга оширишда 25 йиллик глобал тажрибага эга Америка нодавлат Winrock International ташкилоти томонидан амалга оширилади.

«Uzbekistan Airwaysнинг асосий вазифаси йўловчилар ташиш хафсизлигини таъминлаш. Шу сабабли авиакомпания Winrock International компаниясининг ҳамкорлик таклифини қабул қилди. Ушбу дастур одам савдосининг олдини олиш, ушбу фожианинг қурбонларини ҳимоя қилиш ва хавфсиз миграцияни таъминлашга қаратилган», — дейилади авиаташувчи хабарида.

Ҳамкорлик доирасида Winrock International вакиллари 2023 йилнинг биринчи чорагида Uzbekistan Airways авиакомпанияси стюардессалари ва ердаги ходимлари учун бир қатор тренинглар ўтказади. Уларга хавфсиз миграция соҳасидаги ўрни, белгилари, эксплуатация қурбонларини аниқлаш йўллари ва одам савдосига қарши кураш чоралари ҳақида сўзлаб берилади.

«Марказий Осиёда хавфсиз миграция» лойиҳаси USAIDнинг одам савдосига қарши курашга қаратилган тадбирлар мажмуасининг бир қисмидир. Winrock International томонидан Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Ўзбекистонда амалга оширилаётган беш йиллик ташаббус 2019 йили бошланган.

Лойиҳа қуйидаги соҳаларда ёрдам беради:

👉 миграция масалаларини давлат томонидан тартибга солиш ва одам савдосининг олдини олишни қўллаб-қувватлаш;

👉 аҳолининг эксплуатация ва одам савдосининг барча шаклларига заифлигини камайтириш;

👉 одам савдоси қурбонларини аниқлаш ва уларга ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш;

👉 одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар учун жиноий таъқиб қилишни кучайтириш (Қирғизистонда).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ