Сингапур компанияси Тошкент янги аэропорти қурилишида иштирок этади

"Чанги" аэропорти терминалларидан бири. airlines-inform.ru сайти фотосурати

Changi Airports International (Сингапур) компанияси Uzbekistan Airports билан Тошкент шаҳрида янги халқаро аэропортни биргаликда қуришни назарда тутувчи стратегик шериклик шартномасини имзолади. Бу ҳақда Uzbekistan Airports матбуот хизмати хабар берди.

Лойиҳанинг амалга оширилиши йўловчиларга хизмат кўрсатишнинг рақобатбардошлиги ва сифатини ошириш, илғор ахборот технологияларини жорий этиш, йўловчилар, жумладан, транзит ташиш ҳажмини ошириш, янги авиакомпанияларни ҳамкорликка жалб этиш имконини беради.

«Биз дунёдаги энг яхши аэропортлардан бирини, энг йирик халқаро марказлардан бирини яратган компаниянинг янги пойтахт аэропорти лойиҳасига қизиқишини олқишлаймиз. Тошкент қулай географик мавқега эга эканлигини ҳисобга олсак, мамлакатимизда айнан мана шу концепцияни амалга ошириш мумкин. Бундан ташқари, «Чанги» — бу технология, бу аэропорт фаолиятидаги тажриба, бу дунё тан олиниши. Бундай ҳамкор билан ишлаш биз учун шарафдир», — деди Uzbekistan Airports бошқарув раиси Рано Жўраева.

Шартнома доирасида олти ойга ҳисобланган биринчи босқичда давлат-хусусий шериклик лойиҳасига Changi Airports International хусусий шерик сифатида жалб этилиши мумкин бўлган ҳолда лойиҳанинг техник-иқтисодий асослари ишлаб чиқилади.

Лойиҳанинг умумий қиймати 1 миллиард долларгача етиши режалаштирилган.

«Чанги» аэропорти — халқаро аэропорт, Осиёдаги авиация марказларидан бири ва Сингапурдаги ягона аэропорт ҳисобланади. 1981 йили очилганидан буён аэропорт авиация саноатида эталонга айланди ва 1987 йилдан 2007 йилгача йигирма йил давомида 280 дан ортиқ мукофотларга сазовор бўлган. 2019 йили «Чанги» 68,3 миллион йўловчини рўйхатга олди ва бу халқаро йўловчилар сони бўйича дунёдаги эттинчи энг банд аэропортга айланди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ