Ўзбекистонда юқори сифатли кўмир ва уран қазиб олиш кенгайтирилади

Шарғун кўмири. Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

11 январь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга кўмир ва уран қазиб олишни кенгайтириш бўйича лойиҳалар тақдим этилди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.

Ҳисоб-китобларга кўра, Ўзбекистонда кўмир заҳиралари қарийб 2 миллиард тоннани ташкил қилади. Охирги беш йилда мазкур хомашё ишлаб чиқариш йилига 4 миллион тоннадан 5,3 миллион тоннагача ошдган. Мирзиёев «Шарғун» ва «Бойсун» конларини ўзлаштириш орқали юқори сифатли кўмир қазиб олишни янада кенгайтириш имкониятларини таъкидлади.

Президентга «Шарғункўмир» акциядорлик жамиятини модернизация қилиш 2023 йили якунланиши ҳақида маълумот берилди. Бу мамлакатда 900 минг тоннагача кўпроқ сифатли кўмир қазиб олиш имконини беради (2020 йили «Шарғункўмир» корхонаси 246 минг тонна кўмир қазиб олган).

Шарғундаги кўмир юқори сифатли ҳисобланади. Мутахассисларнинг фикрича, асосий конларнинг ҳажми 33 миллион тоннани ташкил этади.

«Шарғункўмир» корхонасини модернизация қилиш 2017 йили бошланган ва 2020 йили якунланиши, 2021 йилдан бошлаб кўмир қазиб олиш ҳажмини йилига 900 мингтага етказиш кутилмоқда. Лойиҳа қиймати 105,5 миллион долларга баҳоланмоқда ва унда хитойлик инвесторлар иштирок этади. Модернизация натижасида 600 киши иш билан таъминланади, Ангрен ва Янги-Ангрен иссиқлик электр станциялари, цемент заводлари, аҳоли ва бошқа истеъмолчиларни кўмир билан таъминлаш кўпаяди.

Уранга келсак, президентга Франциянинг Orano Mining компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳалар ҳақида сўзлаб берилди. 2019 йил декабрь ойида Ўзбекистон Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси ва Orano Mining компанияси Навоий вилоятида уранни қидириш ва қазиб олиш учун Nurlikum Mining қўшма корхонасини ташкил этди. Замонавий технологияларни қўллаш ҳисобига қўшма корхонада йилига 1500 тонна уран оксиди ишлаб чиқарилади, Франция компанияси маҳсулотнинг қулай молиявий шартларда кафолатли сотилишини таъминлайди. Уран оксидинининг дастлабки маҳсулотларини олиш 2024 йилга қадар амалга оширилади.

Шавкат Мирзиёев уран қазиб олиш ва қайта ишлаш самарадорлигини ошириш ҳамда янги конларни қидириш лойиҳаларини амалга оширишни жадаллаштириш бўйича топшириқ берди.

Ўзбекистон уран заҳиралари ва уни қазиб олиш бўйича дунёда етакчи ўнта давлат қаторига киради. Ушбу турдаги ёқилғининг бутун ҳажми экспорт қилинади. 2021 йил охирида Ўзбекистонда 3526 тонна уран қазиб олинди. 2030 йилга келиб уни ишлаб чиқариш ҳажмини 7,1 минг тоннага етказиш режалаштирилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ