ERIELL компанияси раҳбари Термиздаги футбол клубини сотиб олди

«Сурхон» ФК эмблемаси. sports.uz сайти фотосурати

ERIELL Group эгаси Бахтиёр Фозилов Суперлигада иштирок этаётган Термизнинг «Сурхон» («ФК-Сурхон» МЧЖ) клубининг давлат улушини номинал қийматда сотиб олди. Бу ҳақда Ўзбекистон Профессионал лигаси директори Диёр Имомхўжаев ўзининг Telegram-каналида хабар берди.

Битим суммаси ошкор этилмаган, аммо Имомхўжаев эълон қилган ҳужжатларга кўра, «Сурхон» ФКнинг устав капитали 1 миллиард сўмни (90,9 минг доллар) ташкил этади.

Битим натижасида Фозилов клубнинг 100 фоиз акцияларига эгалик қилади.

Эндиликда Сурхондарё вилояти ҳокимлиги «ФК-Сурхон» МЧЖ фаолиятини мустақил текширувдан ўтказиши, аниқланган кредиторлик қарзларини бартараф этиши ва давлат улушининг харидорга ўтказилишини таъминлаши зарур.

Имомхўжаевнинг аниқлик киритишича, агар Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ва «ФК-Сурхон» Термиз шаҳридаги стадионни балансга ўтказиш ёки уни узоқ муддатга ижарага бериш бўйича келишиб олса, компания стадионни реконструкция қилиш ва керакли даражага етказиш учун маблағ сарфлаши мумкин. Ўтган мавсумда Термиздаги аренага мусобақа ўтказишга рухсат берилмагани учун жамоа уй учрашувларини Тошкентда ўтказишга мажбур бўлганди.

2021 йил май ойида «Сурхон» ҳам бошқа бир қатор клублар қатори «Футбол клублари фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ҳукумат қарорига асосан қайта сотиш мақсадида вилоят ҳокимлигига ўтказилди. 2022 йилги мавсум якунида жамоа Суперлигадаги ўрнини сақлаб қолишга муваффақ бўлди ва турнир жадвалида 11-ўринни эгаллади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ERIELL ва Бахтиёр Фазилов Ўзбекистонда хоккейни жонлантиришга муваффақ бўлганди. «Ҳумо» клуби Россия ВХЛда муваффақиятли иштирок этиб, ҳозирда Қозоғистон чемпионатида етакчилардан бири ҳисобланади. Мамлакатда болалар ва ўсмирлар хоккейи ривожланмоқда.

Шунингдек, ERIELL ва шахсан Фазилов беш йилдан буён Ўзбекистон маданий меросини асраш, ўрганиш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамиятининг ҳомийлари ҳисобланади. 2020 йили Ўзбекистонда ERIELL ҳомийлигида илк бор халқаро UWC тармоғи коллежларига талабалар танлаб олинди. Фазиловнинг ўзи Ўзбекистоннинг коронавирусга қарши курашига катта ҳисса қўшган.

ERIELL гуруҳи — бу Россия, Марказий Осиё ва Яқин Шарқдаги етакчи нефть ва газ компанияларига қудуқларни қуриш ва қайта ишлаш хизматларини кўрсатувчи халқаро нефть конлари компанияси ҳисобланади. 2007 йили Eriell Group Ўзбекистондаги бурғулаш хизматлари бозорининг энг йирик иштирокчиларидан бирига айланди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ