Владимир Норов Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири лавозимидан озод этилди

Владимир Норов (чапда) ва Бахтиёр Саидов. "Фарғона" коллажи

Владимир Норов бошқа ишга ўтгани муносабати билан Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.

Халқ таълими вазири лавозимида ишлаб келган Бахтиёр Саидов Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.

Владимир Норов жорий йилнинг сентябрь ойида Ташқи ишлар вазири лавозимига тасдиқланган эди. У апрель ойи охирида ТИВ раҳбари вазифасини бажарувчи этиб тайинланган эди. У вазир сифатида Президент ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котибининг ташқи сиёсат ва хавфсизлик бўйича ўринбосари этиб тайинланган Абдулазиз Комиловни алмаштирган эди. Июнь ойида Комиловга президентнинг ташқи сиёсат бўйича махсус вакили лавозими таъсис этилди. Норовнинг янги лавозими ҳозирча маълум эмас.

Бахтиёр Саидов 1981 йил 22 апрелда Самарқанд вилоятида туғилган. 2002 йили Тошкент давлат иқтисодиёт университетини, 2004 йили магистратура босқичини тамомлаган. Саидов Ўзбекистоннинг Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида, шунингдек республиканинг Жанубий Кореядаги элчихонасида ишлаган. 2016 йил январь ойида «Ўзбекенгилсаноат» акциядорлик жамияти бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари, бош менежери лавозимига тайинланган. У Хитойдаги элчи сифатида 2017 йил июндан бери ишлаб келаётган эди. Бахтиёр Саидов 2018 йилнинг апрель ойидан Ўзбекистоннинг Мўғулистондаги элчиси, 2019 йилдан эса — Филиппиндаги элчиси (қароргоҳи Пекинда жойлашган) лавозимларида ҳам фаолият юритаётган эди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ