Ўзбекистон Сенати 2023 йилги давлат бюджетини тасдиқлади

Ўзбекистон Сенати матбуот хизмати фотосурати

Ўзбекистон Сенатининг 36-ялпи мажлисида «2023 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги Қонун кўриб чиқилди ва маъқулланди. Бу ҳақда 27 декабрь куни Сенат матбуот хизмати хабар берди.

Консолидацияланган бюджет даромадлари 310,7 триллион сўм (27,7 миллиард доллар), харажатлари 343,2 триллион сўм (30,6 миллиард доллар) миқдорида прогноз қилинмоқда. Шундай қилиб, дефицит 32,5 триллион сўмни (2,9 миллиард доллар) ташкил этади.

Давлат бюджети параметрлари 2023 йилда ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) ўсиш суръати 5,3 фоизни, истеъмол нархлари индекси эса 9,5 фоизни ташкил этишидан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқилди, дея тушунтирди Сенат.

Хусусан, таълимга 58,4 триллион сўм, соғлиқни сақлашга 28,4 триллион сўм, маданиятга 2,5 триллион сўм, спортга 2,3 триллион сўм сарфланади.

2023 йили фанни янада ривожлантириш чора-тадбирларига 1,8 триллион сўм, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишнинг устувор йўналишларини молиялаштиришга 18,1 триллион сўм йўналтириш кўзда тутилган.

Ўзбекистон ҳукумати номидан ва унинг кафолати остида ташқи қарзларни жалб қилиш бўйича имзоланадиган янги битимларнинг максимал ҳажми 4,5 миллиард доллар билан чекланган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ