Ўзбекистон-Саудия бизнес-форумида икки мамлакатнинг юздан ортиқ компанияси вакиллари иштирок этди

ИТСВ матбуот хизмати фотосурати

23 декабрь куни Тошкентда икки мамлакат вазирликлари, идоралари ва юздан ортиқ етакчи компаниялари вакиллари иштирок этган Ўзбекистон-Саудия бизнес-форуми бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (ИТСВ) матбуот хизмати хабар берди.

Тадбирда Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаев ва Саудия Арабистони инвестициялар вазири Холид ал-Фалиҳ иштирок этди.

«Ўзбекистон ва Саудия Арабистони бой табиий ресурсларга, улкан саноат салоҳиятига эга. Биз Ўзбекистонда ҳам, Саудия Арабистонида ҳам юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришга йўналтирилган қўшма корхоналарни ташкил этишни режалаштирмоқдамиз, улар келгусида аҳолисининг умумий сони 1,4 миллиарддан кўпроқ потенциал истеъмолчиси бўлган минтақавий ва Европа бозорларига, шунингдек, Катта Араб эркин савдо ҳудуди мамлакатларига экспорт қилинади, – деди Жамшид Ходжаев.

Саудия Арабистони инвестициялар вазири икки давлат ўртасидаги сармоявий ва савдо алоқаларини мустаҳкамлаш бўйича амалий чора-тадбирларни амалга ошириш содиқлигини билдирди ва Саудия Арабистони тадбиркорларини ўзаро манфаатли шартнома ва битимлар тузишга чақирди.

Форумдаги маърузаларда сармоявий ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари: нефть-газ ва нефть-кимё саноати, машинасозлик, электротехника, озиқ-овқат, тўқимачилик, чарм-пойабзал саноати, ипакчилик, инфратузилма қурилиши ва туризм каби соҳалар белгилаб олинди.

«Форум якунлари бўйича устувор тармоқларни ўз ичига олган ҳужжатлар тўплами имзоланди, уларнинг амалга оширилиши Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик кўламини сезиларли даражада кенгайтириш, янги иш ўринлари яратиш ва икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни юқори даражада чиқариш имконини беради», — дейилади ИТСВ матбуот хизмати хабарида.

Эслатиб ўтамиз, август ойида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистонига ташриф буюрган эди. Ўшанда турли соҳалардаги ҳамкорликка оид 15 та ҳужжат қабул қилинган, умумий қиймати 14 миллиард доллардан ортиқ битим ва шартномалар имзоланганди.

Форумда жорий йилнинг январь-ноябрь ойларида икки мамлакат ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан тўққиз баробар ошгани таъкидланди. Охирги бир неча йил ичида Ўзбекистонда Саудия Арабистони капитали иштирокидаги компаниялар сони 5 баравар кўпайди (август ойида уларнинг сони 36 таси борлиги маълум қилинганди). Саудия компаниялари билан биргаликда энергетика, нефть-кимё, соғлиқни сақлаш, инфратузилмани ривожлантириш, фармацевтика ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида қиймати 17 миллиард доллардан ортиқ лойиҳалар амалга оширилмоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ