Air Samarkand авиакомпанияси 2023 йил бошидан илк парвозларни амалга оширади

uzdaily.uz сайти фотосурати

Ўзбекистонда янги Air Samarkand авиакомпанияси ўз фаолиятини бошлайди. Бу ҳақда 14 декабрь куни ASIA СONNECT: Airline Network Development конференциясида маълум қилинди, деб хабар беради АТО.ru.

Авиаташувчининг PR- директори Олег Ивановнинг сўзларига кўра, Air Samarkand авиакомпанияси парвозлари 2023 йилнинг баҳорида авиаоператор сертификати олинганидан сўнг бошланади. Авиакомпания веб-сайтида биринчи рейслар «шу қишда» амалга оширилишини ваъда қилинмоқда.

Air Samarkand 14 та йўналишда рейсларни амалга оширишни мўлжаллаган.

Маршрутларнинг деярли ярми Россия шаҳарларига йўналтирилган — булар Екатеринбург, Қозон, Москва, Санкт-Петербург, Самара ва Сочи шаҳарлари. Компаниянинг тушунтиришича, ушбу йўналишлар Россия авиакомпаниялари паркни икки марта рўйхатдан ўтказиш билан боғлиқ муаммоларга дуч келгани сабабли уларни тарк этиши сабабли талабгор ҳисобланади.

Air Samarkand авиакомпанияси Анталия, Абу-Даби, Жидда, Доҳа, Дубай, Истанбул, Тел-Авив ва Деҳлига ҳам рейсларни амалга оширишни кўзлайди.

Биринчи босқичда авиакомпания 180 та эконом класс ўриндиғига мўлжалланган моноконфигурациядаги иккита тор фюзеляжли Airbus A320 самолётини ишлатишни режалаштирмоқда. Йил давомида компания яна олтита А320 самолётини олишни кутмоқда, бироқ улар салон ва бизнес-классга эга бўлади. Кейинроқ флотга иккита кенг фюзеляжли Airbus A330 самолёти қўшилиши кутилмоқда.

Авиакомпания самолётларининг кунлик парвоз вақти 13 соатгача бўлиши ва улар ойига 50 минг йўловчини ташиши режалаштирилган.

«Air Samarkand лоукостер сифатида режалаштирилмаган. Биз адолатли, оқилона ва рақобатбардош нарх сиёсатига амал қиламиз. Бу, айниқса, энгил саёҳатчилар учун арзон нархларни англатади. Тарифларга бортда овқатланиш ва бортдаги кўнгилочар тизим киради», — дея авиакомпаниянинг парвозларга хизмат кўрсатиш бўлими раҳбари Светлана Исяновнинг сўзларидан иқтибос келтиради Spot.uz.

Air Samarkand Ўзбекистонда бешинчи авиаташувчига айланади. Уни барпо этишда Самарқанд аэропорти оператори Air Marakanda акциядорлари иштирок этмоқда.

«Ўзбекистон ҳаво йўллари» 2021 йилгача мамлакатдаги ягона авиаташувчи бўлган. 2018 йили Туризм давлат қўмитаси МАКнинг монопол позициясини танқид қилганидан сўнг Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев авиакомпанияни қайта ташкил этиш ва рақобат муҳитини яратиш бўйича топшириқ берган эди.

2021 йили Ўзбекистонда илк хусусий Qanot Sharq авиаташувчиси парвоз қила бошлади. Шу билан бирга, Uzbekistan Airports давлат акциядорлик компаниясининг «шўъба»си Silk Avia ва хусусий Panorama Airways авиакомпанияси ташкил этилди (компания 2022 йил ноябрь ойида авиаоператор сертификатини олган).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ